Адлия аралашуви билан тиббиёт ходимларига 838 миллион сўмдан ортиқ 6 фоизлик қўшимча тўловлар ундириб берилди

Самарқанд вилояти адлия бошқармаси ва унинг туман, шаҳар бўлимлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони талабларидан келиб чиқиб, жорий йилнинг май-июнь ойларида 12 туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси, 11 та санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ҳамда 20 та мактабгача таълим муассасасида тиббиёт, санитария-эпидемиологик ва бошқа ходимлар коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинадиган даврда уларнинг ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар тўланишини мониторинг қилди.

Мониторинг натижасида тиббиёт бирлашмалари, СЭОМ ва мактабгача таълим муассасалари томонидан 694 та қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилиб, 838 миллион сўмдан ортиқ пул маблағлари ходимларга тўлаб берилмаганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолат бўйича вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, СЭОМ ва молия бошқармаларига 42 та тақдимнома киритилиб, 838 миллион сўмдан ортиқ пул маблағлари тўлаб берилиши таъминланди.

(Самарқанд вилояти адлия бошқармаси бошлиғи С.Нуриевнинг 2020 ярим йиллик якунлари бўйича норма ижодкорлиги фаолияти ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати тўғрисидаги ахборотидан)