Адлия бўлими аралашгач, фуқаронинг мулк ҳуқуқи тикланди

Пайариқ тумани, Челак шаҳри, Ғойиб ота маҳалласи, Собир Раҳимов кўчасида яшовчи Рауф Худойбердиев адлия бўлимига мурожаат қилиб, унда турар-жойига Пайариқ тумани ҳокимининг қарори билан мулк ҳуқуқи эътироф этилмаётганлигини баён қилган.

Аниқланишича, фуқаро Р.Худойбердиев 2019 йил 8 апрелда фойдаланишида бўлган уй-жой ер майдонига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисида Пайариқ тумани Давлат хизматлари маркази орқали туман ҳокимига мурожаат қилган.

Кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича   комиссия аъзоларининг ижобий хулосалари ҳамда комиссиянинг 2019 йил 17 апрелда ўзбошимчалик билан қурилган иморатни ўрганиш натижалари бўйича №Д461/7789526/4761989-сонли далолатномасига асосан “ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш мумкин”, деб топилган.

Комиссия ишчи органи томонидан ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисида туман ҳокимининг қарори лойиҳаси тайёрланиб, тасдиқлаш учун туман ҳокимига тақдим этилган. Аммо туман ҳокимлиги томонидан ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисида қарори қабул қилинмаган.

Фуқаро Р.Худойбердиевнинг турар-жойига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисида Пайариқ тумани ҳокимлигига қилган мурожаати ҳал этилмаётганлигидан норози бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ишонч телефони”ги қилган шикояти Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан ўрганилиб, туман ҳокимлигига 2019 йил 13 декабрда 3/1-245/11-сонли тақдимнома киритилган. Тақдимномада турар-жойга мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисида туман ҳокимининг қарорини қабул қилиш сўралган. Аммо туман ҳокимининг турар-жойга мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисида қарори қабул қилинмаган.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги 461-сон қарори билан тасдиқланган “Кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида кўчмас мулкларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 23-бандида “Туман (шаҳар) ҳокимининг комиссия ишчи органи томонидан тайёрланган қарори лойиҳаси у тақдим этилган кундан бошлаб 2 иш куни мобайнида қабул қилинади”, деб кўрсатилган.

Бироқ кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича  комиссиянинг далолатномаси 2019 йил 17 апрелда тасдиқланган бўлса-да, орадан 10 ой вақт ўтганига қарамасдан ҳоким томонидан қарор қабул қилинмаган.

Адлия бўлими фуқаро Р.Худойбердиевнинг манфаатини кўзлаб, 2020 йил 19 февралда 3/28-сон билан Пайариқ тумани маъмурий судига турар-жойга мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақида туман ҳокимининг қарорини қабул қилиш ҳақида судга ариза билан мурожаат қилди.

Пайариқ тумани маъмурий судининг 2020 йил 9 мартдаги ҳал қилув қарорига асосан адлия бўлимининг аризаси қаноатлантирилди ва фуқаронинг турар-жойига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисида суднинг қарори қабул қилинди.

А.ЖЎРАЕВ,
Пайариқ тумани адлия бўлими бошлиғи.