“Адолат” партияси Алишер Қодировни кўчирмакашликда айблади

“Адолат” СДП “Миллий тикланиш” партиясининг етакчиси Алишер Қодиров президентликка номзод сифатида ўзининг сайловолди дастурида “Адолат” СДПнинг 2019 йилда тасдиқланган сайловолди дастуридан кўчирганини маълум қилди.

“Яқинда “Миллий тикланиш” партиясининг лидери Алишер Қодиров Президентликка номзод сифатида ўзининг сайловолди дастури билан чиқиш қилди. Унинг нутқида таажжубга соладиган нуқталар бор. Қизиқ, “Адолат” СДПнинг 2019 йилда тасдиқланган сайловолди дастуридан кўчириб ўзига “байроқ” қилиб олиш қанчалик мантиққа мос келаркин?

Биринчи раддия – “...фаолият кўрсатаётган жиноий, маъмурий, фуқаролик ва иқтисодий судларни бирлаштириш...”

Хўш, ҳурматли “Миллий тикланиш” ДП лидери, “Адолат” СДПнинг 2019 йилги сайловолди дастурининг “Ҳуқуқий-ижтимоий давлат қуриш – пировард мақсадимиз” бобида ёзилган: “Судлар тўғрисида”ги қонунни такомиллаштириш орқали фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича туман, шаҳар ва вилоят судлари негизида умумий юрисдикция судлари ташкил қилишни, уларга “халқ судлари” мақомини беришни, вилоят ва унга тенглаштирилган судларга назорат инстанцияси ваколатини юклаш ғоясини илгари сурган ва ҳозирда вилоят миқёсида ҳар тўрттала суднинг бирлаштирилгани, айни пайтда, судларни туманлар кесимида бирлаштириш жараёни кетаётганини билармикин?

Иккинчи раддия – жаноб Алишер Келдиевич ўз сайловолди дастурида “...жазони ижро этиш муаассалари Ички ишлар вазирлигидан Адлия вазирлигига ўтказилади” дея иддао қилди. Ҳолбуки, “Адолат” СДПнинг 2019 йил сайловолди дастурида бу масалани устувор вазифалардан бири сифатида ўз олдига мақсад қилиб қўйган ва бу борада “МТ”дан кўмак олиш ниятида эмас.

Учинчи раддия – ажабки, ҳурматли А.Қодиров яна ўша ўзининг сайловолди дастурида “...мустақил тергов қўмитаси ташкил этилади” демоқдалар, баралла. Ваҳоланки, “Адолат” СДПнинг амалдаги сайловолди дастурида “Ҳуқуқий-ижтимоий давлат қуриш – пировард мақсадимиз” бобида “... дастлабки тергов устида назоратни кучайтириш мақсадида, мамлакатда ягона тергов органи – Тергов қўмитасини ташкил этиш ташаббусини илгари сурамиз” деб ёзиб қўйилган. “Адолат” СДП бу ташаббусни “МТ”га ҳадя қилган ёки бу борада қатъий позициясидан чекинган эмас”, дейилган партия эътирозида.