"Адолат" СДП: Номзод дастури қўллаб-қувватланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Робахон Маҳмудованинг Самарқанд вилоятидан ишончли вакили Музаффара Абдиева Самарқанд тумани сайловчилари билан учрашди.
Учрашувда “Адолат” социал демократик партияси Самарқанд тумани Кенгаши, туман депутатлари, маҳалла фаоллар, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Дастлаб, йиғилганларга ишончли вакил Музаффара Абдиева томонидан сайловчиларга номзод ҳақида батафсил маълумот берилди. Шундан сўнг Робахон Маҳмудованинг мамлакат ривожи, халқимиз фаровонлиги, юртимиз тараққиёти йўлида амалга оширишга қаратилган ғоя ва мақсадлари акс этган Сайловолди дастури ва унда илгари сурилаётган устувор йўналишлар билан таништирилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, номзод дастурида халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи эканлиги ҳақидаги конституциявий принцип давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида таъкидланиб, халқ ҳокимиятининг ёрқин тимсоли бўлмиш вакиллик демократияси институтининг роли ва аҳамиятини янада ошириш, мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишини таъминлаш, жамиятнинг инновацион, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш ва инсон капиталини ривожлантириш каби масалаларда изчил таклифларнинг илгари сурилаётгани сайловчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Учрашув якунида сайловчилар томонидан берилган саволларга номзоднинг ишончли вакили томонидан батафсил жавоб берилди.
Санобар Мирсаидова.