Адолат СДП талабалар учун контрактни қисқартиришни таклиф қилди
Ўзбекистонда коронавирус пандемияси туфайли бир ярим миллиондан ортиқ фуқаролар ишсиз қолган. Шунингдек, чет элдан қайтган 140 мингдан ортиқ фуқаролар доимий даромадларидан маҳрум бўлган, 200 мингдан ортиқ оила қашшоқлик ёқасига келиб қолди.
Бу каби салбий ҳолатларни бартараф этиш учун эса давлатларда турлича йўллардан фойдаланилмоқда. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам эҳтиёжманд оилаларга зарурий озуқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилмоқда. (Албатта, бу етказиб берилаётган оилаларнинг барчаси чиндан эҳтиёжманд оилалар эканлигига шахсан мен ишонмайман).
Мен бугун мана шу мамлакатимиздаги 1,5 миллион ишсизларнинг фарзандлари бўлган талабалар ҳақида ўз фикримни билдириб ўтмоқчиман. Охирги вақтда ўтказилаётган ҳукумат даражасидаги йиғилишларда эътибор фақат иқтисодий инқироз таҳлиллари ва озиқ-овқат масалаларига қаратилмоқда. Аммо биз пандемия шароитидан кейинги Ўзбекистон тараққиётини белгиловчи, келгусида бундай пандемияларнинг таъсирини имкон қадар мамлакатимизга етиб келмаслигини ҳал қилувчи кадрлар бўлган талабаларни унутдик.
Ҳозирги кунда барча таълим жараёнлари масофавий шаклда давом эттирилмоқда. Шу боисдан олий таълим тизимидаги профессор-ўқитувчилар ҳам ҳар кунлик ишга қатнаш ва ортиқча қоғозбозликдан қисман озод этилган. Барча профессор-ўқитувчиларга таътил пуллари ва ойлик маошлари тўлиқ шаклда тўлаб келинаётган бўлса-да, олий таълим муассасаларининг ҳаражатлари маълум миқдорда қисқарган. Бу қисқариш олий таълим муассасалари, талабалар турар-жойидаги таъмирлаш харажатлари ва коммунал хизматлардан фойдаланилмаётганлиги ҳисобига юзага келган.
Ўзбекистонда олий таълим муассасаси талабаларининг 90,2 фоизи тўлов шартномаси асосида таҳсил олади. Уларга шартнома пули тўловчиларнинг аксарияти эса оддий ишчи халқимиз бўлса, ажабмас. Бугун 1,5 миллион ишсиз бўлган (аслида бу рақам 5-6 миллиондан кам эмас) оилалар фарзандларининг тўлов шартнома пулларини тўлашда турли муаммога дуч келмоқда. Чунки айрим оилаларнинг 2-3 нафар фарзанди шартнома асосида таълим олади.
Ҳозирги вазиятни ҳисобга олиб, ҳукумат томонидан тадбиркорлар, деҳқон ва фермерларни қўллаб-қувватлаш учун маълум даражадаги маблағлар ажратилмоқда. Аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш бугунги кун учун долзарб ҳисобланади. Лекин ўсиб келаётган авлодга сифатли таълим бериш келажак учун пойдевор яратади. Шу боис “Адолат” СДП сайловчилар фикрини инботга олган ҳолда, 2019-2020 ўқув йилининг иккинчи ярим йиллик учун тўланадиган талабаларнинг тўлов контракт суммасидан 2 ой учун қисқартиришни таклиф этади.