“Адолат” СДП вилоят Кенгашининг фаолият режаси қандай?
Партия вилоят Кенгаши ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатларининг 2020 йилда амалга оширадиган ишлари ва устувор вазифалари муҳокама этилган тадбирда депутатлик гуруҳи раҳбарлари сайланиб, депутатларга услубий кўрсатмалар берилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси “Адолат – ҳар бир инсон учун”, деган эзгу ғоя билан ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти асосидаги ҳуқуқий демократик давлат, адолат тамойиллари таъминланадиган фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидан боради.
Партиянинг ҳурмати, обрў-эътиборини янада юксалтириш мақсадида барча даражадаги партия Кенгашларининг эътибори ишлаб чиқариш жамоалари ва аҳолининг яшаш жойига кўра партия таъсирини кенгайтириш, партия электорати манфаатларига доир масалаларни аниқлаш ва ҳал этишда партия тузилмаларининг депутатлик гуруҳлари билан ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашга жиддий ёндашади.
Бугунги кунда партия кўрсатган номзодлардан 3 нафари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, 11 нафари халқ депутатлари вилоят Кенгаши, 79 нафари туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига сайланган. Уларнинг 46 нафарини хотин-қизлар, 44 нафарини эркаклар ташкил этади.
Йиғилишда 27-Ўртақишлоқ сайлов округидан халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига сайланган, Самарқанд шаҳридаги 1-болалар шифохонаси бош шифокори Тозагул Холиқова партия депутатлик гуруҳи раҳбарлигига сайланди.
Шунингдек, тадбир давомида депутатлар фаолиятини самарали ташкил этиш, 20 дан ортиқ партиявий лойиҳаларнинг амалда ижросини таъминлаш мақсадида соҳалар бўйича секторлар иш олиб бориши бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Лола САИДОВА,
партия вилоят Кенгаши ахборот хизмати раҳбари.