Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Адолатга хизмат қилувчи халқаро ҳужжат

Инсоният бошига мисли кўрилмаган азоб-уқубатлар, ваҳшийликлар келтирган Иккинчи жаҳон уруши нацистлар, фашистларнинг инсониятга нисбатан амалга оширган шафқатсиз жиноятлари, инсон ҳуқуқларининг топталиши, хўрланишининг олдини олувчи халқаро ташкилот тузишни тақозо қилди.

1945 йил шу мақсадда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил этилди ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари учун умумий кураш бошланди. Дунё халқлари, давлатлари бу йўлда бирлашишга даъват қилиниб, 1948 йил 10 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси инсон ҳуқуқлари бўйича 30 моддадан иборат декларацияни қабул қилди. Бу ҳар бир инсоннинг табиий ва туганмас ҳуқуқ ва эркинликлари эълон қилинган асосий халқаро ҳужжат бўлиб, унга БМТга аъзо давлатларнинг аксарияти қўшилди. Декларацияда инсониятнинг барча вакилларига хос қадр-қиммат, уларнинг тенг ва ажралмас ҳуқуқларини тан олишэркинлик, адолат ва ялпи тинчлик масалалари белгиланди. Инсонларнинг шахсий, сиёсий ҳамда ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари кафолатланди.

Ўз навбатида, мамлакатимиз ҳам давлат мустақиллигини қўлга киритгач, инсонпарвар демократик давлат, адолатли фуқаролик жамияти қуриш мақсадини кўзлаб, 1991 йил 30 сентябр­да ушбу умумжаҳон ҳужжатга қўшилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг "Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари", деб номланган 2-бўлими мазкур декларация талабларига тўла мос келади. Унда Ўзбекистон Рес­пуб­ликасининг барча фуқаролари тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиши, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, иж­ти­моий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги таъкидланди. Шу пайтгача республикамизда инсон ҳуқуқларига доир юздан ортиқ қо­нунлар қабул қилинди ва улар халқаро меъёр ва андазаларга мувофиқлаштирилмоқда.

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги амалдаги қо­нун ҳужжатлари мониторинги институти ва инсон ҳу­қуқларини ҳимоя қилувчи бир қатор ташкилотлар фаолият кўрсатмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 70 та асосий ҳужжатга қўшилди, БМТ томонидан қабул қилинган 10 та асосий хал­қаро шартноманинг бевосита иштирокчисига айланди. Миллий қонунчилик ва ҳу­қуқни қўллаш амалиётига халқаро стандартларни тизимли ва босқичма-босқич имплементация қилишнинг ўз модели, инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши мониторинги миллий тизими шакллантирилди.

Айниқса, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш доирасида мамлакат халқаро муносабатларнинг тўла ҳу­қуқли субъекти сифатида ўрни ва ролини янада оширди. Хавф­сизлик, барқарорлик ва яқин қўшничилик муҳити изчил  ривожлантирилди.

Юртимизда инсон ҳу­қуқ­лари ва эркинликларини таъминлаш, адолатни қарор топтириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар бугун БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилиб, қўллаб-қувватланмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги маърузасини тинглаган давлатлар раҳбарлари, қолаверса, дунё жамоатчилиги Ўзбекистондаги демократик ўзгаришларга ўз баҳосини берди. Бу эса мамлакатда давлат, жамият ва фуқароларнинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг тамойиллари ва қадриятларига эътиборини кучайтириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қи­лишни таъминлашга қаратилган самарали тадбирлар амалга оширилаётганидан далолатдир.

Президентимизнинг 2018 йил 5 майда қабул қилган "Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тўғрисида"ги фармони адолат тарозиси тамал тошини қўйган биринчи муҳим хал­қаро ҳужжатнинг мазмун-моҳияти, мақсадини халқимиз, айниқса, ёшлар орасида тар­ғиб қилиш, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни чуқур англаши, фаол иштирокини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

 

Содиқ НАЗАРОВСамИСИ академик лицейи директори ўринбосари.