Афғонистон марказида портлаш юз берди

Афғонистоннинг Ғазна шаҳрида юз берган портлаш оқибатида 21 киши ҳалок бўлди ва 17 киши жароҳатланди. Бу ҳақда Ariana News агентлиги хабар берди, дея ёзди «ТАСС».

Маҳаллий шифохона бошлиғи таъкидлаганидек, рўй берган портлаш оқибатида асосан ҳарбийлар жабр кўрди. Воқеа Афғонистоннинг қуролли кучлари базаси яқинида содир бўлган. У ерда миналанган автомобиль портлатилган.

Портлашдан олдин ўқ овозлари эшитилгани маълум бўлди. Афғонистонда фаолият юритаётган экстремистик гуруҳлар содир бўлган воқеа учун жавобгарликни зиммасига олмади.

Ғазна шаҳри Афғонистондаги шу номдаги вилоятнинг маъмурий маркази бўлиб, у мамлакатнинг марказий қисмида жойлашган.

Олдинроқ - ноябрь ойи бошида АҚШ Афғонистон ва Ироқдан ўз қўшинларини олиб чиқиш режаларини ошкор қилган эди. АҚШ Мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Кристофер Миллер 15 январга қадар ҳар икки мамлакатда 2,5 минг нафаргача ҳарбийларни қисқартиришини маълум қилди. Ушбу кучларни қайта гуруҳлаштириш борасидаги фармойиш президент Дональд Трамп томонидан имзоланган.