Афғонистонда “Толибон” террорчилик ҳаракати ҳужуми оқибатида камида 22 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди

Афғонистон шимолида жойлашган Лагман вилоятида “Толибон” террорчилик ҳаракати (Ўзбекистонда тақиқланган) жангарилари билан юз берган тўқнашув оқибатида камида 22 нафар Афғонистон армиясининг ҳарбий хизматчилари ҳалок бўлди, 6 нафар ҳарбий жароҳатланди. Бу ҳақда мамлакатнинг марказий Tolo News телеканали вилоят кенгаши вакили Гулзара Неязи тақдим этган маълумотга таяниб хабар берди.

Гулзара Неязининг сўзларига кўра, тўқнашув 10 майдан 11 майга ўтар кечаси содир бўлган. Толибонлар Алишинг ҳудудида жойлашган назорат постига ҳужум уюштиришган. Тўқнашув вақтида террорчилар томонидан бир неча ўнлаб Афғонистон қуролли кучларига тегишли бўлган транспорт воситалари йўқ қилинган. Шу билан бирга 9 нафар ҳарбий хизматчи толибонлар қўлига асир тушган.

Бироқ шу билан бир қаторда, Афғонистон Мудофаа вазирлиги ҳужум оқибатида олти нафар ҳарбий ҳалок бўлганлиги ва беш нафар ҳарбий жароҳатланганлиги тўғрисида маълум қилди. Шунингдек, вазирлик томонидан ҳарбийларнинг уюштирилган ҳужумни муваффақиятли қайтаргани ва Толибонлар катта йўқотишларга учрагани ҳақида хабар берилди.