Афғонистондаги ИШИД Пентагон кузатувида

АҚШ президенти Жо Байден мамлакат қуролли кучларига Афғонистондаги ИШИД билан боғлиқ ҳар қандай нишонга зарба беришга рухсат берди. Бу ҳақда Америка матбуоти хабар бермоқда. Пентагон ИШИДнинг юқори мартабали вакиллари илгари ўлдирилганини тасдиқлади.

"Кеча АҚШ кучлари ИШИДни режалаштирувчи ва ташкилотчисига қарши уфқорти аксилтеррор операциясини ўтказди. Ҳаво ҳужуми Нангархор вилоятида бўлди. Охирги маълумотларга кўра, ИШИДнинг икки аъзоси ўлдирилган, бири яраланганини тасдиқлайман", деди генерал-майор Уильям Тейлор.

Ўз навбатида, Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Жон Кирбининг айтишича, АҚШ Афғонистондаги вазиятни доимий кузатиб бормоқда ва ой охиригача эвакуация операциясини якунлаш ниятида. "Таҳдид ҳали ҳам мавжуд, вазият динамик бўлиб қолмоқда, биз уни реал вақт режимида кузатмоқдамиз. Биз бу таҳдидга эътибор қаратиш учун барча зарур чораларни кўрмоқдамиз ва армиямизни ҳимоя қилиш учун қўлимиздан келганча ҳаракат қиламиз", деди у.

АҚШ президенти Жо Байден кеча, 28 август куни америкалик ҳарбийлар яқин 24-36 соат ичида Қобул аэропортида янги теракт содир этилиши эҳтимоли борлигини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, АҚШ Қобулдаги хавфли вазиятга қарамай, ватандошларини, учинчи мамлакат фуқароларини ва афғон қочқинларини мамлакатдан эвакуация қилиш операциясини давом эттирмоқда.