Афғонистоннинг беш элчиси, уч вилояти ҳокими аёл

Тошкентда ўтказилган “XXI асрда гендер ва ёшлар масалалари бўйича ҳамкорликни ривожлантириш” мавзусидаги халқаро форум иштирокчилари Самарқандга келди.

Меҳмонларни Самарқанд темирйўл вокзалида вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Алимова кутиб олди.

Форум иштирокчилари ташрифни Самарқанддаги тарихий масканлар, қадамжоларни зиёрат қилишдан бошлади.

- Ўзбекистонга, жумладан, Самарқандга ҳам илк бор келишим, - дейди UNFPAнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари офиси раҳбари Алана Армитаж. – Тошкентдаги замонавийлик, Самарқанддаги тарихийлик ҳайратимни оширди. Халқаро форумнинг юқори савияда ўтказилгани, ундаги иштирокчиларнинг мавзу юзасидан ўз тажрибалари билан ўртоқлашганига гувоҳ бўлдим. Кейинчалик мазкур тажрибалар мамлакатдаги гендер масалаларининг стратегик дастуридан ўрин олишига ишонаман. Ўзбекистондаги хотин-қизларнинг жуда кўп муаммолар ҳақида дадил фикр билдиргани, уларни ҳал этиш йўлида изланаётгани қувонарли.

- Самарқандга аввал ҳам келганман, - дейди Афғонистон Президенти администрацияси вакили Файёз Ҳафизуллоҳ. – Ҳар сафар шаҳардаги қадимийлик, қолаверса, тарихимизнинг муштараклиги эътиборимни тортади. Халқаро форум давомида бизнинг мамлакатда ҳам бу борада олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтдим. Айтишим мумкинки, кейинги тўрт йил ичида бу масалада бизда кескин ўзгаришлар содир бўлди. Мисол учун, бугун 11 фоиз хотин-қизлар юқори даражадаги лавозимларда ишламоқда. Афғонистонда уч вазир, беш элчи, учта вилоят ҳокими аёл. Давлат идораларига ишга қабул қилишда аёлларга имтиёзлар бор. Хусусан, ушбу идораларда ишлаш учун ўтиладиган имтиҳонларда аёлларга қўшимча баллар берилади. Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг ривожланиши биз учун муҳим аҳамиятга эга. Чунки бугун Ўзбекистонда 200 нафар афғонистонлик талабалар таҳсил олмоқда.

Меҳмонлар Самарқанддаги диққатга сазовор жойларни томоша қилиб, Тошкентга жўнаб кетишди.

Гулруҳ МЎМИНОВА.