Афинада коронавирус сабабли янги чеклов чоралари жорий этилди
Греция пойтахти Афинада коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони ошганлиги сабабли, 21 сентябрдан эътиборан янги чеклов чоралари жорий этилди. Бу ҳақда РИА Новости нашри хабар берди.
Чеклов чоралари жорий этилиши тўғрисида ўтган ҳафта эълон қилинган эди. Чекловлар рўйхати якшанба куни ҳукуматнинг расмий газетасида маълум қилинди. Улар 21 сентябрдан 4 октябрга қадар Аттика (Греция вилояти, маркази Афина) пойтахт ҳудудида амал қилади.
Ёпиқ хоналарда ва очиқ жойларда ўтказиладиган йиғилишлар иштирокчиларининг максимал сони 9 кишидан ошмаслиги назарда тутилмоқда. Шу билан бирга, кинотеатрлар ёпилди, концертлар бекор қилинди.
Тўй ва маросим иштирокчилари сони 20 кишидан ошмаслиги белгиланди.
“Заиф гуруҳларга мансуб бўлган ёки 65 ёшдан ошган фуқароларни ҳимоя қилиш мақсадида уларнинг ҳаракатланишини кейинги 14 кун давомида чеклаш тавсия этилади” дейилган баёнотда.
Бундан ташқари, хусусий ва давлат секторлари ходимларининг 40 фоизи масофадан ишлаш тизимига ўтказилади.
Кўчаларда одамлар тўпланишининг олдини олиш мақсадида давлат секторларида иш вақти уч босқичда бошланади – соат 7:00, 8:00 ва 9:00 да.
Тунги клуб, дискотека ва кўнгилочар масканлар фаолияти вақтинча тўхтатилди. Кафе, бар ва ресторанларга соат 7:00 дан тунги соат 00:00 гача фаолият олиб боришга рухсат берилди.