Аҳоли бошқарув сервис компаниялари хизматидан розими?

Кўп қаватли уйларга коммунал хизматлар сифати ва самарадорлигини ошириш, аҳолига қулай турмуш шароитларини яратиш борасида бошқарув сервис компанияларининг ўрни беқиёс. Жумладан, уй-жойлардан фойдаланишнинг мутлақо янги тизими асосида хизматлар кўрсатиш, маънан эскирган, оғир тоифадаги хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари бошқарувидан воз кечиш, тизимда шаффофлик, холислик ва ошкораликни таъминлашни тақозо этмоқда.

Жумладан, Нуробод туманидаги кўп қаватли уйларнинг фасади, том қисми, ертўласи, кириш йўлаклари ва туташ ҳудудларининг ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари айнан “Нур-сифат-коммунал хизмати” МЧЖ бошқарув сервис компанияси зиммасига юклатилганига эндигина 2 йил бўлди. Улар эса ҳудуд аҳолисининг мажбурий тўловлардан шаклланган маблағлари эвазига турли сервис хизматларини кўрсатиб келмоқда.

- Янги компаниянинг фаолияти "дом"ларда истиқомат қилаётган аҳоли учун яхши бўлди, - дейди Амир Темур маҳалласида яшовчи Тўйчи бобо Тошниёзов. – Ширкат даврида бўлмаган 24 соатлик авария-диспетчерлик хизмати ҳам йўлга қўйилгани муаммоларимиз ижросини анча қисқартирди. Улар томонидан кўп қаватли уйларга туташ бўлган ер майдонларининг кўкаламзорлаштирилиб, ободонлаштирилиши маҳалламиз чиройига ҳусн қўшмоқда. Уйлар орасида артезиан сув насослари ўрнатилиб, чиқиндихоналар ташкил этилиши шаҳарчамиз атроф-муҳити ва экологиясига ижобий таъсир ўтказмоқда.

“Нур-сифат-коммунал хизмати” МЧЖ бошқарув сервис компаниясининг ишчи -хизматчилари 104 та кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатиб келмоқда. Кўп йиллар коммунал соҳада меҳнат қилиб, тажриба орттирган Фурқат Қодиров раҳбарлик қилаётган ташкилотда ишлаётган 42 нафар ишчининг 17 таси ҳудуд тозаловчиси ҳисобланади. Шунингдек, жамоада сантехник, электрик, агроном ва боғбон каби ўнга яқин тажрибали мутахассислар жам бўлишган.   

- Ўн йилдан ортиқ уй-жой мулкдорлар ширкатига раҳбар бўлиб ишлаганман, -дейди Ф.Қодиров. – Бироқ бу компания коммунал хўжалиги соҳасида янги тизимдир. Уни ташкил этишдан кўзланган мақсад эса кўп квартирали уйларда истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари онгида узоқ йиллардан буён шаклланиб келган уй-жой мулкдорлари ширкатлари борасидаги тушунчасини ўзгартиришдан иборат.  Икки ташкилотнинг ҳам мақсади бир бўлса-да, аммо маъсулиятли вазифанинг бажарилишига бўлган ёндашуви бутунлай бошқача.

Қисқа фурсат мобайнида Спитамен кўчасидаги “дом”лар орасидаги 30 сотих  келадиган ташландиқ ҳудудда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Хайрли ишнинг бошланиши сифатида болалар учун ўйин майдончаси, дам олувчилар учун ўтирғичлар, қариялар учун махсус ўриндиқлар ўрнатиб берилди. Шунингдек, автотураргоҳ қурилди.

- Анча йиллардан буён уйимизнинг томидан чакка ўтади, ширкат даврида тунука билан қоплашларини сўраб, кўп бора мурожаат қилган бўлсак ҳам маблағ йўқ, деган баҳона билан амалга ошмай келяпти, - дейди Амир Темур маҳалласи 8-уйда яшовчи Сония Хўжамиярова. – Энди шу муаммомизни ҳал қилиб беришлари учун янги БСКга мурожаат қилдик. Ҳозирча қишгача бажарамиз, дея ваъда беришмоқда. Ишқилиб ёғинли кунларга қолиб кетмаса бўлгани.

Ўтган асрнинг 60-йилларидан кейин қурилган 41 та кўп қаватли уйнинг томлари юмшоқ қоплама билан ёпилган. Орадан шунча йил ўтгач, улар эскириб кетиб, ёғинли-сочинли кунларда томларидан чакка ўтиб келади. Турли йилларда 18 та кўп қаватли уйнинг томи янгиланди. Бироқ яна 86 та уйнинг жами 40 минг квадрат метр том қисми замонавий ёпқичларга алмашиши лозим.

- Бунинг учун 14 миллиард сўм маблағ керак бўлади, -дейди туман қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бошлиғи Ваҳоб Раҳмонов. – Туман ҳокимлигига таклиф билан чиққанмиз, тез кунларда ҳал бўлади. Қолаверса, мулкдорларнинг ўзларидан тушаётган бадал маблағлари ҳисобидан ҳам қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб боряпмиз.    

Шаҳарчанинг Спитамен кўчаси 1-уйда яшовчи Н.Шаптоқова уйдаги канализатсия тармоқларининг яхши ишламаслигидан нолияпти. Унинг айтишича, 1967-йилларда қурилган уй сувоқова тармоғининг қувурлари эскирган. Марказий тармоққа уланган чўян қувурларни замонавийларига алмаштириш зарур.

Ҳудуддаги барча уйлар Қиличли маҳалласида жойлашган марказий сув оқова тозалаш стансиясига уланган. 2 та кўп қаватли уй учун эса сувоқова хандаги қурилган.

-  Деярли барча уйларнинг канализатсия тармоқлари чўян қувурлар орқали марказга уланган, -дейди Ф.Қодиров. – Сувоқова тармоқлари яхши ишламаслиги рост, чунки 50 йилдан буён уларнинг аксарияти ер остида тиқилиб қолган ёки синиб қолиб кетган. Ширкат даврида маблағ етишмаслиги сабабли умуман эътибор қаратилмаган. Наврўз ва Шарқ юлдузи маҳаллаларида жойлашган 3 уйнинг канализатсияси бутунлай янгиланиши керак.

Ҳисоб-китобларга кўра, аҳолининг БСКдан 550 миллион сўм қарзи бор. Унинг аксарияти ширкат давридан қолиб келган қарздорлик экан.  

Самарқанд шаҳридаги Олтин аср, Рудакий, Али Қушчи, Адолат каби 12 маҳаллада жойлашган 160 та кўп қаватли уйларнинг ободонлаштириш ишларини “Самарқанд Олтин аср” МЧЖ ўз зиммасига олган. Бир неча йиллар илгари мазкур ҳудуд ширкатлар қарамоғида эди. Айрим уйларда иситиш тармоғи, ертўла, табиий газ, электр энергия ва бошқа коммунал соҳалардаги муаммолар кўплиги туфайли яшовчилар орасида норозиликлар кўпайиб кетган эди.

– Совуқ кунлар бошланиши билан хонадонларимиз исимайди, – дейди пенсионер Р.Холдорова. – Ширкат мутасаддиларига муаммоларни бартараф қилиш борасида таклифлар берганмиз. Аммо бу иш бермади. Янги бошқарув сервис компанияси вакиллари бизнинг мурожаатимизни ўрганиб чиқишди. Уйимиз ертўласида иситиш тармоқлари ўрнатилган, фақат хонадонларга ўтказиш бироз муаммо бўляпти. Кўпчилигида ижарачилар яшайди. Уй эгаларини топиш қийин бўляпти.

Бағдод кўчасидаги 14-уйнинг олдида экилган яшил ҳудуднинг майсалари қуриб қолган, бегона ўтлар ўсиб ётибди. Артезиан сув насоси бор, лекин ундан фойдаланилмайди. Баҳорда экилган гул ва дарахт кўчатлари қуриб қолган. Уларни парваришлаётган гулчи опадан ҳовлингизда сув қудуғи бор экан, нега шу ердан олиб қуймаяпсиз, деб сўрадим.

-  Қачон қарама, бу сув насоси ишламайди, шу сабаб боғдаги ўт-ўланлар, кўчатлар қуриб қолди. Хонадонимиздан идишга сув олиб чиқиб, ҳеч бўлмаса, гул кўчатларини суғориб қўйишга мажбур бўляпмиз.

Нега уй атрофида чиқинди қутилари ўрнатилмаган?  Нима учун ўриндиқлар талабга жавоб бермайди? Нима учун яшил майдончанинг қуриб кетишига йўл қўйилди каби бошқа саволларга жавоб олиш учун уйбоши С.Ортиқовни тополмадик.

Шу уй ёнида жойлашган 12-уйнинг ҳовлисида бутунлай бошқача ҳолат. Бу ерда аҳолига яратилган шарт - шароитлар яхшироқ. Жами 44 та квартира жойлашган мазкур уйнинг ўзи алоҳида мулкдор экан. Уй олдида болалар майдончаси, спорт майдони, ҳар бир ўриндиқ ёнида чиқинди қутиси ўрнатилган. Атроф тоза ва озода, ҳовлини суғориш учун артезиан сув насоси ўрнатилган.

- Илгари биз яшайдиган уйга ҳам уй-жой мулкдорлари ширкати хизмат кўрсатар эди, - дейди Бағдод кўчаси 12- уйнинг уйбоши Денис Пиреев. - Гапнинг очиғи, яшовчилар унинг фаолиятидан қониқмади. Коммунал тизимдаги оддийгина носозликни ҳам вақтида бартараф эта олмай, «ана борамиз, мана борамиз, маблағ топилса, тўғрилаймиз», деган баҳоналар билан ишни пайсалга солавергач, фуқароларнинг ширкатга ишончи камайди. Натижада аҳоли ойлик бадалларни ҳам тўламай қўйди. Энди ўзимиз мустақил бўлдик. Бадал пулини ўз вақтида териб олиб, коммунал сервис хизматларини ҳам бажарамиз. Томни қаттиқ қоплама билан ёпиб, ертўлада иссиқлик тарқатиш пункти (ИТП) ўрнатиб олганмиз. Эндиликда фасадни таъмирлашга тайёргарлик кўряпмиз.       

Дарҳақиқат, БСК олдига қўйилган мақсад ва вазифалари, иш услуби жиҳатидан эски тизимдан фарқ қилади. Кўп жойларда уларнинг ишлари аҳолига маъқул келаётган бўлса, баъзида эса уларнинг фаолиятидан норозилар ҳам учраб турибди. Асосийси, кўп қаватли уйлар обод бўлиб, аҳоли мурожаатлари тезроқ ижобий ечим топса, бошқарув сервис компаниялари фаолияти ҳам тизимли равишда ривожланади.

Дилмурод ТЎХТАEВ.

Бахтиёр МУСТАНОВ олган суратлар.