Аҳоли ва қишлоқ хўжалиги рўйхатга олинади

2025 йил 19 сентябрда Президентимизнинг “Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Фармонга асосан 2026 йилнинг 15 январдан 28 февралигача мамлакатимизда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири ўтказилади.

Бу жараён мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини стратегик режалаштиришда муҳим аҳамиятга эга.

Ҳозиргача юртимизда умуммиллий аҳолини рўйхатга олиш тадбири фақат бир маротаба – 1989 йилда ўтказилган. Шундан буён аҳоли сони анча ошди, ижтимоий-иқтисодий шароитлар ҳам сезиларли даражада ўзгарди. Бугунги кунда аҳоли ва қишлоқ хўжалиги ҳақида янгиланган маълумотларга катта эҳтиёж бор.

Рўйхатга олиш орқали аҳолининг ёши, оилавий ҳолати, таълим даражаси, миграция жараёнлари, иш билан бандлиги ва даромад манбалари ҳақида ягона маълумотлар базаси шаклланади.

Тадбир икки босқичда амалга оширилади. Дастлабки 17 кунда фуқаролар“census.stat.uz” портали орқали ONEID тизими ёки ЖШШИР (жисмоний шахснинг шахсий идентификацион рақами) ёрдамида онлайн рўйхатдан ўтишлари мумкин. Кейинги босқичда эса “маҳалла еттилиги” ва бошқа фаоллар уйма-уй юриб, маълумот тўплайдилар.

Ҳозирда жойларда тайёргарлик ишлари изчил олиб борилмоқда. Маҳаллалар, мактаблар ва таълим муассасаларида аҳолига рўйхатдан ўтишнинг мазмун-моҳияти ва мақсадлари ҳақида тушунтиришлар берилмоқда. Йиғилган маълумотлар ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аёллар ва болалар саломатлигини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш дастурлари учун асосий манба бўлади.

Бундан ташқари, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижалари миллий барқарор ривожланиш мақсадларини баҳолаш, халқаро рейтингларда мамлакатимизнинг ўрнини юксалтириш, хорижий инвесторларни жалб қилиш ва туризм салоҳиятини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу жараёнлар мамлакатда ижтимоий фаровонликни ошириш, қишлоқ хўжалигидаги маблағлардан самарали фойдаланиш ва келгуси дастурларни тўғри режалаштиришга ёрдам беради.

Рўйхатга олиш қиш фаслига мўлжаллангани ҳам бирмунча қулайлик яратади. Чунки бу даврда аҳоли кўп ҳаракатланмайди, қишлоқ хўжалигида мавсумий ишлар камаяди. Энг муҳими, рўйхатга олиш жараёни фақат рақамлар йиғиш учун эмас, балки фуқароларнинг турмуш даражасини яхшилашга хизмат қиладиган муҳим қарорлар қабул қилиш учун асос бўлади.

Бундан ташқари, Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) тавсияларида таъкидланганидек, муваффақият учун қишлоқ хўжалигига бағишланган алоҳида анкета ёки модул жорий этилади. Бунда уй хўжаликлари таркибида қишлоқ хўжалиги фаолиятини юритаётган субъектлар аниқланиши, рўйхатга олувчилар қўшимча тайёргарликдан ўтказилиши лозим. Бу билан қишлоқ хўжалигида ердан фойдаланиш, чорвачилик ва паррандачилик кўрсаткичлари аниқланади. Ўзбекистонда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини биргаликда рўйхатга олиш тартибининг жорий этилиши ресурслардан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш имконини беради. Алоҳида-алоҳида рўйхатга олиш тадбирларини ўтказишга кетадиган ортиқча молиявий, инсоний ва техник ресурслар қисқаради. Битта интеграциялашган жараён орқали маълумот йиғиш харажатларни сезиларли даражада камайтиради. Шунингдек, аҳоли ва қишлоқ хўжалигига доир маълумотлар бир вақтда йиғилгани учун рўйхатга олиш жараёни тезлашади. Бу маълумотларнинг янгилиги ва долзарблигини сақлаш имконини беради. Битта уй хўжалиги ҳақида демографик, иқтисодий ва ижтимоий маълумотлар бир пайтда йиғилганида статистик уйғунлик ва маълумотларнинг ўзаро боғлиқлиги ошади. Бу эса иқтисодий ва ижтимоий режалаштиришда янада аниқ режалар тузиш имконини беради. Стратегик режалаштириш учун кучли пойдевор яратилади. Аҳолининг яшаш жойи, даромад манбалари ва қишлоқ хўжалиги фаолияти ҳақидаги мукаммал маълумотлар асосида ҳудудлар бўйича ижтимоий хизматлар, инфратузилма ва қишлоқ хўжалиги ривожланиш дастурларини аниқ режалаштириш мумкин. Халқаро рейтинглар ва ҳамкорликка ишонч ошади. Юқори сифатли ва халқаро стандартларга мос статистика Ўзбекистоннинг БМТ, Жаҳон банки каби халқаро ташкилотлар олдидаги нуфузини оширади ҳамда янги молиявий ҳамкорликлар учун имконият яратади. Йиғилган маълумотларнинг электрон шаклда реал вақт режимида қайд этилиши рақамли иқтисодиёт ривожига хизмат қилади ва статистик ахборот базаларини такомиллаштиради. Умуман олганда, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини бир вақтда ва интеграциялашган ҳолда рўйхатга олиш Ўзбекистон учун нафақат молиявий тежамкорлик, балки замонавий статистика тизимига ўтиш, давлат бошқарувида ишончли маълумотлар базасини шакллантириш ва фуқаролар билан мулоқотни кучайтириш имконини беради.

Бу жараённи амалга ошириш учун статистика органларидан катта куч ва қўшимча ресурслар талаб этилади. Шу боис аҳоли ва қишлоқ хўжалиги жараёнларини рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш учун (вақтинча 6 ойга) мутахассислар жалб қилиш кўзда тутилган. Бунда мутахассис юклатилган вазифаларни масъулият билан самарали бажарган тақдирда, уни доимий ишга қабул қилиш масаласи ташкилот томонидан кўриб чиқилиши мумкин.

Бунинг учун мутахассислардан:

- рўйхатга олиш соҳаси бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, ташкилий чора-тадбирлар ва республика комиссияси ҳужжатларининг белгиланган муддатларда бажарилиши таъминланишига масъул бўлиш;

- рўйхатга олиш тадбири юзасидан аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этиш (кўрсатув ва радиоэшиттиришлар, семинарлар ва бошқалар) ҳамда ушбу масала бўйича ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар координациясини юритиш;

- туман ва шаҳарларда рўйхатга олишга тайёргарлик ва уни ўтказиш жараёнларида тузиладиган ҳудудий комиссиялар ва штаблар, шунингдек, рўйхатга олиш ва ҳисоб участкалари фаолиятини мувофиқлаштириш ва амалий қўллаб-қувватлаш;

- ҳудудларда вақтинча жалб этиладиган “Маҳалла еттилиги” ходимлари рўйхатини шакллантириш, янгилаб бориш ва уларни ўқитиш ишларида иштирок этиш;

- ҳудудий кадастр органлари билан ҳамкорликда маҳалла хариталарини янгилаш ҳамда туман-шаҳарларнинг ташкилий режаларини тузиш ишларини мувофиқлаштириш;

 - рўйхатга олиш жараёнлари сифатли ўтказилишини таъминлашда иштирок этиш ва рўйхатга оид статистик кўрсаткичларнинг ишончлилигини, ҳаққонийлигини, тўлиқлигини ва тизимлилигини таъминлаш талаб этилади.

Мутахассис олий маълумотли (иқтисодиёт, статистика, демография, социология, ахборот технологиялари йўналишлари устувор) бўлиши лозим.

Ишлаш даври 6 ой – 2025 йил 1 октябрдан 2026 йил 1 апрелгача мўлжалланган ва ойига 6 миллион сўмдан юқори маош таклиф қилинади.

Номзодлар резюмени hr@stat.uz, Z.Talipova@stat.uz  электрон почта манзилларига юборишлари мумкин.

Шароф Абдиев,

вилоят статистика бошқармаси бошлиғи.