Аҳолининг 88 фоизи Президент сайловида иштирок этиш учун тайёрлигини билдирди
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази «Ўзбекистон: сайлов – 2021» мавзусидаги жамоатчилик фикри телефон сўровларининг учинчи босқичини ўтказди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 октябрь куни бўладиган сайлови муносабати билан Ўзбекистон фуқароларининг электорал хулқ-атвори хусусиятлари аниқланди. Ўзбекистонликларнинг электорал нуқтаи назарлари, уларнинг овоз беришда иштирок этишга тайёрлиги ва мамлакат сиёсий ҳаётига жалб этилганлиги даражаси ўрганилди. Сўровда мамлакатнинг турли минтақаларида яшовчи фуқаролар, шаҳарликлар ва қишлоқдагилар, эркаклар ва аёллар, турли миллат ва ижтимоий қатламлар вакиллари, иқтисодиётнинг давлат ва хусусий секторларида банд бўлганлар, ёшлар ва ўрта ҳамда катта ёшдаги кишилар иштирок этдилар.
Тадқиқотнинг аниқлашича, сўров иштирокчиларининг кўпчилиги 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтиши ҳақида хабардордир.
Сайловолди кампаниясининг бориши ҳақидаги ахборотнинг энг талабгир манбаси Ўзбекистон давлат телевидениеси ҳисобланади (66,8 %). Қарийб ҳар иккинчи (48,1 %) респондент ахборот олиш учун (ижтимоий тармоқлар, ижтимоий тармоқ элементларига эга бўлган иловалар, кроссплатформали мессенжерлар, масалан, Telegramни инобатга олган ҳолда) Интернетдан фойдаланади.
Ўтказилган телефон сўрови Ўзбекистон Президентлигига бўлажак сайловда аҳолининг иштирок этишга тайёрлиги бўйича юқори даражани қайд қилди (88,2 %). Бу аҳолининг фуқаролар томонидан сайловнинг ижтимоий-сиёсий муҳимлигини чуқур англашда (86,3 %), ҳар бир сайловчининг иштирок этиши овоз бериш натижаларига таъсир қилиши мумкинлигига бўлган ишончда намоён бўлаётган етарлича ёрқин электорал маданияти ҳақида далолат беради. Деярли барча ёш тоифасидаги фуқаролар овоз беришда иштирок этишнинг заруриятини англайдилар ва унда иштирок этишни ўзлари учун “жуда муҳим”, деб ҳисоблайди.
Умуман олганда, ўтказилган жамоатчилик фикри сўровлари шуни кўрсатдики, жамоатчилик фикрида бўлажак Президент сайловлари давлат, жамият ва ҳар бир фуқаро ҳаётида муҳим сиёсий воқеа эканлигини англаш ва ҳис қилиш устуворлик қилади. Кўпчилик ўзбекистонликлар мамлакатда юз бераётган сиёсий жараёнлар ва сайловолди кампаниясининг боришини катта қизиқиш билан кузатмоқдалар ҳамда бўлажак сайловлар очиқлик, ошкоралик, объективлик ва ҳаққонийлик каби демократик тамойиллар асосида юқори сиёсий-ҳуқуқий ва ташкилий даражада ўтишига ишонч билдирмоқда.