Алимент тўламаган 330 киши маъмурий жавобгарликка тортилди
Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси ва туман, шаҳар бўлимларига йил бошидан буён келиб тушган 12 минг 300 дан ортиқ мурожаатларнинг 6400 таси алимент ундириш билан боғлиқ масалалар юзасидан бўлди.
Ушбу мурожаатларнинг 3880 таси қаноатлантирилиб, 3532 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Қарздорлардан 3,2 миллиард сўм алимент маблағлари мажбурий равишда ундирилиши таъминланди.
Бугунги кунда вилоятимизда “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонун талабларига риоя этилиши доимий равишда ўрганилиб, алимент ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилган. Алимент ундиришга оид ижро ҳужжатлари ижросини ўрганиш бўйича давлат ижрочиларидан иборат таркибда ишчи гуруҳ тузилган.
Шу пайтгача 7750 та алимент иши бўйича қарздор ва ундирувчилар билан суҳбатлар ўтказилиб, 1190 оила яраштирилди, 700 нафарга яқин қарздорлар ишга жойлаштирилди. 15,3 миллиард сўм пул маблағлари ундириб берилди. Алимент тўловчиларнинг масъулиятини ошириш мақсадида 330 нафар қарздорлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47(4)-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилди.
Кўрилган чора-тадбирлар натижаси бўйича 2507 та алимент ундириш ҳақидаги ижро ҳужжатлари тамомланди. Муҳими, алимент тўлови билан боғлиқ қонунчилик ва мавжуд тартибларнинг такомиллаштирилиши натижасида алимент пулларини бир йўла тўловчилар ёки алимент тўловчи ва ундурувчининг келишуви асосида масалани ижобий ҳал этиш кўрсаткичлари кўпайди.
Учқун БУТУНОВ,
Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари.