Алимент тўламаган отага жиноят иши қўзғатилди
Фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судининг қарорига кўра, фуқаро И.Н. ўзининг уч нафар фарзандининг моддий таъминоти учун собиқ турмуш ўртоғи А.Н.нинг фойдасига даромадларининг иккидан бир қисми миқдорида алимент пулини тўлаб бориши белгиланган.
Бироқ И.Н. ўзининг фарзандлари таъминотига бефарқ бўлиб, алимент тўловларидан йиғилиб қолган 10 миллион сўмдан ортиқ қарздорликни тўлаб беришдан қасддан бўйин товлаб келган.
У илгари жиноят ишлари бўйича Ургут тумани судининг ҳукмига кўра, у муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан жиноий жазога тортилган. Жазони ўтаб бўлгандан кейин ҳам И.Н. ўзига тегишли хулоса чиқариб олмаган. 2019 йил март ойида унинг вояга етмаган фарзандлари моддий таъминоти учун алимент тўловларидан қарздорлиги 9,9 миллион сўмни ташкил қилган. Шу боис Мажбурий ижро бюроси Ургут тумани бўлими томонидан тўпланган материаллар асосида туман маъмурий суди уни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47(4)-моддаси билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига тортган.
Лекин И.Н. бу жазодан ҳам ўзига хулоса чиқармасдан, вояга етмаган фарзандларини моддий таъминлашдан муттасил, қасддан бош тортиб келганлиги сабабли Мажбурий ижро бюроси Ургут тумани бўлими томонидан унга нисбатан терговга қадар текшириш ишлари олиб борилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси.