Алиментчи отанинг хорижга чиқиш ҳуқуқи тикланди

Фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор Ш.С.дан ундирувчи М.Қ.нинг фойдасига бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун то у вояга етгунга қадар ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.

Ушбу ижро ҳужжати Бюронинг Ургут туман бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро ҳужжати давлат ижрочисининг қарорига асосан ижро иши қўзғатилиб, тарафларга юборилган. Шундан сўнг ота ўзи ва яқин қариндошлари томонидан алимент пулларини ўз вақтида тўлаб келган.

Шу билан бирга давлат ижрочисининг қарорига асосан Ш.С.нинг Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқи чекланган.

Қарздор Мажбурий ижро бюросига хорижга чиқиш ҳуқуқини тиклаш учун мурожаат қилди. Бунинг эвазига фарзанди таъминоти учун тўловга тайёрлигини билдирди.

Шундан сўнг у Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқини қайта тиклаш мақсадида фарзанди 18 ёшга тўлгунга қадар ҳисобланган 12 млн. 958 минг сўм алимент пулларини тўлади.

Мажбурий ижро бюроси

Ургут туман бўлими.