Алкоголнинг томчиси мия ҳужайрасини ўлдиради
Ҳар қандай алкоголнинг бир томчиси ҳам миянинг кулранг моддаси ҳажмини камайтиради... Оксфорд университети тадқиқотчилари ана шундай қўрқинчли кашфиёт қилдилар.
Гап шундаки, кулранг модда марказий асаб тизимида муҳим роль ўйнайди. У олинган маълумотларни қайта ишлаш ва узатишни таъминлайди. Олдинги тадқиқотларда ҳар куни бир стакан қизил вино ичиш диабет, остеопороз, Альцгеймер ва юрак касалликларини олдини олади, деб таъкидланган эди. Бундан руҳланган одамлар зудлик билан вино ичишга хуруж қўйдилар. Аммо Оксфорд олимлари бу алдамчи тасаввурлар эканлигини аниқлашди.
Доктор Анья Топивала “Гардиан” газетасига берган интервьюсида алкогол миянинг алоҳида элементларига эмас, бутун ўзига таъсир ўтказишини айтди.
“Биз алкоголь истеъмол қилиш ва мия ҳолатини ёмонлашуви ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик борлигини аниқладик”, дейди у.
25 378 киши устида олиб борилган тадқиқотлар спиртли ичимлик, чекиш мия ҳужайраларини аста-секин ўлдириб, инсонни эрта қариши, ҳар хил касалликларга мойиллигини оширишини исботлади. Канаданинг Виктория университети тадқиқотчилари бу фаразларга янада аниқлик киритдилар: хавфсиз деб ҳисобланган дозада спиртли ичимлик ичиб турувчилар эртами-кечми ўз ҳаётини хавф остида қолдиришар экан: бу охир-оқибат ё шифохонага, ҳатто ўлимга олиб келади.
“Мир новостей” (2021 й, 22-сон) ҳафтаномасидан Т.Шомуродов тайёрлади.