Америкадаги журналда Саидризо Ализода ҳақида таҳлилий мақола чоп этилди

Маърифатпарвар олим, журналист ва таржимон Саидризо Ализоданинг невараси Фарҳод Ализода таҳририятимизга қўнғироқ қилиб, жадидчилик тарихига қизиқувчи АҚШдаги ватандошларимиз унга Америкада нашр этиладиган “Эроншунослар” журнали сонидан бир нусха жўнатганини маълум қилди.

Унинг айтишича, журналнинг ушбу сони Марказий Осиёда фаолият юритган кўплаб маърифатпарвар зиёлилар ҳақидаги мақолаларни ўз ичига олган. Эътиборлиси, нашрнинг ўн саҳифаси тўлиқ Саидризо Ализоданинг ҳаёт йўли ва 50 йилга яқин илмий-маърифий фаолиятига бағишланган.

- Журналда бобомнинг Самарқандда биринчи жадид мактабларини ташкил этгани, “Мактаби исломия”, “Ҳаёт мактаби”, “Янги ҳаёт мактаби” каби ўқув масканларини очгани ва 12 та дарслик муаллифи сифатида танилгани қайд этилган, - дейди Фарҳод Ализода. - Шунингдек, мақолада Ализоданинг 14 та тилни билгани алоҳида таъкидланган. У ўзбек ва тожик тилларидан ташқари форс, араб, инглиз, француз, арман, яҳудий ва рус тилларини мукаммал ўзлаштирган. 1919–1923 йилларда Самарқандга келган русларга ўзбек ва тожик тилларидан дарс берган, 1930–1937 йилларда эса СамДУ талабаларига араб, форс ва ўзбек тилларидан маъруза қилган.

Саидризо Ализода 1917 йилда Самарқандда биринчи ўзбек алифбосини, 1920 йилда эса илк тожик алифбосини яратган.

Албатта, Саидризо Ализода каби зиёлилар мероси нафақат юртимиз, балки жаҳон илм-фан аҳли томонидан ҳам ҳурмат билан ўрганилаётгани қувонарли ҳолдир. Америкадаги нуфузли журналда бундай мақоланинг чоп этилиши — унинг бой илмий мероси, маориф ва маданият ривожига қўшган улкан ҳиссаси халқаро миқёсда ҳам эътироф этилаётганининг ёрқин далилидир. Боболаримиз номининг ҳар бир нуфузли нашрда тилга олиниши биз учун фахр, келажак авлод учун эса катта руҳий меросдир.

Бахтиёр Мустанов.