Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Амир Темур Турон давлатини қандай бошқарган?

Бу даврда Амир Темур давлати учун энг кучли хавф Оқ Ўрда ва Олтин Ўрда эди. Шунинг учун Амир Темур Олтин Ўрдага зарба бериб, уни кучсизлантиришга жиддий ҳаракат қилади.

Турон мамлакати хавфсизлиги йўлида

Ўша пайтда у Жўжи улусини ўз давлатига қўшиб олиш ниятида эмас эди. У Олтин Ўрданинг Мовароуннаҳрга туташган шарқий қисмини ўз таъсири остига олиш ҳамда унинг пойтахти Сарой Берка орқали ўтадиган карвон йўлини Мовароуннаҳр томон юборишни кўзлайди. Ўз мақсадини амалга ошириш учун у Жўжи улусидаги ички курашдан уддабуронлик билан фойдаланади. Ўша пайтлар ўзаро курашларда зарбага учраган чингизийлардан Тўхтамиш жон сақлаш мақсадида Самарқандга келиб паноҳ топади. Амир Темур ёрдамида у Олтин Ўрда тахтини эгаллашга муяссар бўлади. Бироқ кейинчалик Тўхтамиш хоинлик йўлига киради ва Амир Темурга қарши очиқдан-очиқ курашга ўтади. Натижада Амир Темур Тўхтамишга қарши уч марта қўшин тортишга мажбур бўлади.

Хуллас, Амир Темур Олтин Ўрда томонидан қилинган хавфни бартараф қилиш учун Тўхтамишхонга қарши 1389, 1391 ва 1394-1395 йилларда уч марта ҳарбий юриш қилади.

1387 йили Тўхтамиш Темурбекнинг Эрондалигидан фойдаланиб, Амир Темур салтанатининг марказий қисмларига ҳужум қилишга қарор қилади. Дастлаб зарба Оқ Ўрданинг маркази Сиғноқ томонидан берилди. Сабронни эгаллай олмаган қўшин Ўтрорга йўл олади ва у ерда унча катта бўлмаган Темурбекка тегишли аскарий гуруҳни мағлуб этиб, Бухоро ва Самарқанд вилоятлари ҳудудига бостириб киради. Тўхтамишхон иккинчи йўналишдаги зарбани Хоразм орқали амалга оширади. Бироқ Бухоро ва Самарқанд шаҳарлари қуршовда қолишига қарамай, Тўхтамишхон бу шаҳарларни олишнинг уддасидан чиқолмайди. Асосий қуролли кучлар билан Широзда турган Темурбек қамалда қолганларга 30 минг кишилик мадад жўнатади. 1388 йилнинг февралида Амир Темур бутун қўшинини бошлаб, душманга қарши йўлга чиқади. Тўхтамиш эса Темурбек билан юзма-юз тўқнашишдан воз кечиб, зудлик билан Дашти Қипчоққа қайтиб кетади.

Тўхтамишхоннинг Олтин Ўрдадан бир неча минг чақирим масофада жойлашган Бухоро ва Самарқанд вилоятларига қилган ҳужуми, унинг муайян бир ҳудуд учун эмас, балки умуман Темурбекка қарши олиб бораётган сиёсатининг натижаси эканлигини Темур тўғри англаб етган эди. Амир Темур 1389 йилда Дизак (ҳозирги Жиззах)нинг Аччиқ мавзеида Тўхтамишхон қўшинига қарши биринчи жиддий зарбани беради. Баъзи адабиётларда келтирилишича, Тўхтамишхон бошчилигида қозоқ чўллари ва Сирдарё бўйлаб ҳаракат қилган улкан қўшиннинг илғор қисми 1389 йил бошида Арис дарёсининг этагида жойлашган Зарнуқ шаҳри яқинида Темурбек томонидан исканжага олиниб, тор-мор этилади. Бу вақтда Тўхтамишхон қўшиннинг асосий қисми билан Сирдарёнинг ўнг соҳилидаги Сайрон шаҳрини эгаллашга беҳуда уринмоқда эди. Сўнгра ҳар икки лашкарбоши ўртасида 1391 йилнинг 18 июнида ҳозирги Самара билан Чистополь шаҳарлари оралиғида жойлашган Қундузча (Кондурча) дарёси водийсида иккинчи йирик жанг - Қундузча жанги ва ниҳоят, 1395 йил 28 февралда Шимолий Кавказда учинчи йирик жанг Терек дарёси бўйида бўлиб ўтди. Бу иккала жангда ҳам Тўхтамишхон қўшини қақшатқич мағлубиятга учради.

Сўнгги шиддатли жанг 1398 йилнинг 15 апрелида Шимолий Кавказда, Тарак (Терак) дарёси бўйида содир бўлади. Уч кун давом этган шиддатли жанг оқибатида Тўхтамиш ўзини ўнглаб ололмайдиган даражада кучли зарбага учрайди. Тўхтамиш устидан қозонилган ғалабанинг эътиборли томони шундаки, Амир Темур Идил (Волга)нинг Туротур кечуви бўйида чингизийлардан Ўрусхоннинг ўғли Қўйричоқда қўлга киритган собиқ Жўжи улусини суюрғол (мулк) сифатида инъом этди. Россия тарихчилари Б.Д.Греков ва А.Ю.Якубовскийларнинг таъкидлашича, Амир Темурнинг Тўхтамиш устидан қозонган ғалабаси нафақат Ўрта Осиё учун, балки бутун Шарқий Европа, шунингдек, Рус князликларининг бирлашишлари учун ҳам буюк аҳамият касб этган эди.

Амир Темур ўз салтанатининг жанубий чегаралари муҳофазасини кучайтириш мақсадида Эрон, Озарбайжон, Ироқ, Шом (Сурия) устига уч марта қўшин тортади. Бу юришлар тарихда уч йиллик, беш йиллик ва етти йиллик урушлар деб ном олган. Уч йиллик (1386–1388) ҳарбий юриш натижасида Эрон (Форс), Жанубий Озарбайжон, Ироқнинг шимолий қисми, Гуржистон ва Арманистон (Ван кўли атрофи)даги ерлар эгалланган.

Соҳибқирон ўз ихтиёри билан таслим бўлиб, моли омон тўлаган шаҳарларга қўшин киритмаган ва талафот етказмаган. Эрондаги музаффарийлар, жалойирийлар сулоласи вакилларининг айирмачилик ҳаракатлари, Мозандарон ва Жанубий Эронда кўтарилган қўзғолонлар Амир Темурнинг Эронга яна юриш қилишига олиб келган. Бу беш йиллик (1392–1396) уруш давомида Ғарбий Эрон, Ироқи Ажам ва Кавказ эгалланган.

Амир Темурнинг Ҳиндистон устига қилган уруши (1398 йил, май - 1399 йил, март) қарийб 11 ой давом этди. Соҳибқирон Ҳиндистондан катта ўлжа, шу жумладан, 120 жанговар фил билан қайтди. Ўлжаларнинг бир қисми қўшинга тарқатиб берилди. Қолгани Самарқанд ва Кеш шаҳарларида олиб борилаётган қурилишларга сарфланди.

Амир Темурнинг етти йиллик (1399-1404) ҳарбий юришлари натижасида Шомнинг Ҳалаб (Алеппо), Хумс, Баалбек (Баъалбек), Димишқ (Дамашқ) каби йирик шаҳарлари ва Ироқи Арабнинг Убулистон ўлкаси (қадимги Каппадокия) билан Бағдод, шунингдек, ҳозирги Туркиянинг катта қисми забт этилди.

Кенг кўламли ҳарбий юришлар натижасида Амир Темур салтанатининг чегараси Усмонли турк султонлиги сарҳадларига бориб тақалди. Соҳибқирон Усмонли турк султони Боязид Йилдирим билан муносабатни яхшилаш тарафдори бўлган. Зиддиятларни дипломатик йўл билан ҳал қилиш мақсадида икки томон ўртасида бир неча бор мактублар алмашиш ташаббускори ҳам Амир Темур эди. Султон Боязид эса ҳар сафар қайсарлик ва манманлик қилгани, ҳатто Амир Темур шахсига номақбул сўзларни ҳам ёзганлиги тарихий манбаларда қайд этилган. Бунинг устига, Боязид қорақўюнлилар, музаффарийлар ва жалойирийларнинг Амир Темурга қарши ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган. Шу омиллар туфайли бу икки туркий давлат ўртасида тўқнашув содир бўлиши муқаррар эди.

Амир Темур билан Султон Боязид қўшинлари ўртасидаги ҳал қилувчи жанг 1402 йил 20 июлда Анқара яқинида, Чибуқ мавзеида содир бўлади. Бу жанг тарихда Анқара жанги номи билан таърифланади. Ҳар икки томондан ҳаммаси бўлиб 360 минг нафар, шу жумладан, Соҳибқироннинг 200 минг, Усмонлилар ҳукмдорининг 160 минг нафар аскари қатнашади. Уч кун давом этган шиддатли жангда Амир Темур кучлари турк қўшинини тор-мор этади. Султон Боязид, ўғиллари Мусо ва Исо Чалабийлар асирга олинади. Ғолиб Амир Боязид аскарларини таъқиб этиб, Онадўлу (Анатолия) ярим ороли ва Ўрта денгизнинг шарқий соҳилида жойлашган Измир шаҳрини эгаллайди ва салибчиларнинг Яқин Шарқдаги охирги қароргоҳига барҳам беради. Соҳибқиронга Миср ҳам ўз тобелигини билдиради. Византия ва бошқа христиан оламидан Боязидга тўланадиган бож-у хирожлар эндиликда Амир Темурга бериладиган бўлди.

Асирга олинган Боязид Йилдиримга Амир Темур шоҳона ҳурмат ва эҳтиром кўрсатди. Боязид вафоти (1403 йил 9 март)дан сўнг ворисларига беқиёс мурувватлар қилди. Ўғиллари Сулаймон, Мусо ва Исоларга отасининг мулкларини суюрғол қилиб ҳадя этди.

Бу икки буюк давлат ўртасида содир бўлган жиддий сиёсий воқеаларни сабрсизлик билан муттасил кузатиб бораётган Европанинг йирик давлатлари ҳукмронлари – Франция қироли Карл VI ( ҳукмронлик даври: 1390–1422), Англия қироли Генрих IV (ҳукмронлик даври: 1399–1413) ҳамда Кастилия ва Леон қироли Генрих III (ҳукмронлик даври: 1390–1407) Йилдирим устидан қозонилган буюк ғалаба билан Амир Темурни табриклаб, унга муборакномалар йўллайдилар. Чунки Соҳибқирон эндигина уйғонаётган Европага кескин хавф солиб турган Усмонли турклар давлатига зарба бериб, Европа давлатларининг халоскорига айланган эди.

Қаҳрамон Ражабов,

ЎзФА Тарих институти бош илмий ходими, тарих фанлари доктори, профессор.

(Давоми бор)