Андижонда сойда “сузиб” келаётган “Ласетти” олиб чиқилди (видео)

Андижон шаҳри яқинидан оқиб ўтувчи сойга “Ласетти-Жентра” русумли автомашина тушиб кетгани акс этган видеолавҳа ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Ушбу ҳолат юзасидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумот тақдим этди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 13 октябрь куни соат 14:40 ларда 1050 қисқа қутқарув рақами орқали Андижон вилояти Андижон тумани, Найман МФЙда истиқомат қилувчи фуқаролар томонидан «Жаҳон буюм бозори» савдо комплекси ва «Қорасув» кийим бозори ўртасидан оқиб ўтган «Шаҳрихонсой» ташлама канали ўзанида қизил рангли «Ласетти» русумли автомашина оқиб кетаётганлиги ҳамда унинг ичида ҳайдовчи ва йўловчилари мавжуд эмаслиги тўғрисидаги хабар келиб тушади.

Олинган тезкор хабар бўйича Андижон вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарув отряди навбатчи гуруҳи зудлик билан амалий ёрдам кўрсатиш ва автомашинани сойдан олиб чиқиш мақсадида ҳодиса жойига етиб боришади.

Воқеага ойдинлик киритилганда Андижон шаҳар Гулистон МФЙда яшовчи фуқаро М.У. ўзининг «Ласетти Жентра» русумли автомашинасини канал қирғоғига вақтинчалик сақлаш учун қўйиб, сақлагич қўл тормозини кўтармагани ва эркин ҳолатда сой қирғоғида қолдиргани оқибатида автомашина сойга сирғалиб тушиб, оқиб кетганлиги аниқланган.

Қутқарувчилар эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда, махсус техника ва қутқарув воситалари ёрдамида машинани сой ўзанидан зарар етказмасдан чиқариб, эгасига топширган.