Ақлий қобилият ошади, мия фаолияти кенгаяди, хотира яхшиланади: Мутахассислар тил ўрганиш фойдалари хусусида
Чет тилини ўрганиш одамлар ақлий қобилиятини ўстиради. Тил ўрганиш жараёни том маънода янги нейрон алоқаларни ўрнатади ва мавжудларини мустаҳкамлайди. Англиялик олимларнинг тадқиқоти буни тасдиқлади. Улар бир неча тилни биладиган одамларда фикрлаш яхшиланиб, мослашувчанлик ва ақлий фаолликнинг ошишини кузатишган.
Шунингдек, бошқа давлатлар олимлари ҳам чет тилини ўрганиш мия фаолиятини кенгайтириб, хотира, диққат ва фикрлаш жараёнларини яхшилашини асослаб берган.
Нутқида камчилиги бор ёш болаларни чет тили машғулотларига беришдан аввал логопед билан ишлаш, талаффузидаги нуқсонларни бартараф этиш тавсия қилинади.
Тил ўрганиш орқали алцгеймер касаллигига қарши курашда самарали натижага эришиш мумкинлиги айтилади. Олимлар 2010 йилда ушбу касалликдан азият чекаётган 200 нафар беморда тадқиқот ўтказган. Иштирокчиларда касаллик белгилари бошқа беморларга нисбатан беш йилга кечиккан. Тадқиқот натижалари NCBI сайтида эълон қилинган.
Мутахасислар чет тилида оддий матнни тушуниш учун 1000-2000 та сўздан иборат луғат кифоя, деб таъкидлайди. Мулоқот қилиш, хорижлик суҳбатдошни оддий ҳаётий масалаларда тушуниш ва унга ўзини тушунтириш учун эса ўртача 3000 та сўз керак бўлар экан. Ҳар куни 30 дақиқа вақт ажратиш ва кунига 30 та янги сўз ўрганиш билан бир неча ой ичида бу борада яхши натижаларга эришиш мумкин.
Ва энг муҳим жиҳатлардан бири: Тил ўрганиш ақлий қобилият билан бирга даромадни ҳам оширади. Тил ўрганишнинг иқтисодий фойдалари ҳақида унутманг. Чет тилини биладиган ходимларга фақат она тилида гапирадиганларга қараганда тезроқ иш топилади.
Дарвоқе, эндиликда юртимизда инглиз тилини яхши билган ходимлар ойлигига устама берилиши ҳақда эшитгандирсиз.