«Ақлли уй», кўз нури билан ишловчи эшик қулфлари, овоз билан бошқариладиган дарвозалар
Жомбой туманидаги SOF EXPO халқаро кўргазмалар мажмуасида қурилиш соҳасидаги йирик - “Build Pro Expo-2024” кўргазмаси ўз ишини давом эттирмоқда.
Кўргазмада 60 га яқин маҳаллий ва хорижий корхоналар қурилиш, дизайн ва архитектура соҳасидаги инновацияларни намойиш этмоқда.
- Учинчи бор ўтказилаётган кўргазмада лойиҳа институтлари, қурилиш материаллари, бўёқ, мебель, санитария-техник воситалар, ёритиш мосламалари, пластик ва алюминий эшик-ром технологиялари бўйича етакчи компания ва ишлаб чиқарувчилар қатнашмоқда, - дейди SOF EXPO халқаро кўргазмалар мажмуаси раҳбари Аҳмаджон Тожибоев. - Ишлаб чиқарувчиларнинг дизайн бўйича сўнгги ютуқлари, янги технологиялар ва «ақлли уй»лари иштирокчиларни қизиқтирмоқда.
Шунингдек, кўргазмада мебель, девор қоғози ва бўёқ ишлаб чиқарувчилар иштирокида янги тураржой мажмуалари, интерьер дизайни, қурилиш секторини рақамлаштириш, энергия тежамкор технологиялар ва IT инфратузилмасини лойиҳалаш бўйича панель сессиялари ўтказилади. Муҳим томони, ушбу кўргазмада маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан бир қаторда Россия, Хитой, Туркия ишлаб чиқарувчилари асосан бўёқ, электротехника, «ақлли уй» қурилмалари ёғоч маҳсулотлари ва биринчи марта Португалиядан келган корхона керамик ва ғишт ишлаб чиқарувчиларга завод, тизимлаштириш ускуналари ўрнатишни таклиф этмоқда. Кўргазма давомида B2B форматидаги учрашувлар ҳам ўтказилади.
Кўргазмада «ақлли уй» ва шахсни аниқловчи қурилмалар, хонадондаги электр жиҳозларини бошқариш, бармоқ изи, кўз нури билан ишловчи эшик қулфлари, кузатув ва қўриқлаш камералари, қуёш нури билан ишлайдиган, 180 даражада 8 тагача тасвирни узата оладиган янги камералар, овоз билан бошқариладиган дарвозаларга қизиқиш юқори бўлмоқда. Шунингдек, қурилиш соҳасидаги янги, чидамли ва арзон маҳсулотлар ҳам иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
- Ушбу кўргазмада иккинчи бор қатнашяпмиз ва бу йил композит шифер, стекло тўр, базальт қопламали плитка, иккиламчи маҳсулот ўрнида ишлатиладиган шиша толаси каби ўндан ортиқ маҳсулотимизни келтирганмиз, - дейди «ЭВEРEСТ» қурилиш материаллари компанияси менежери Мирзо Каримов. – Кўпроқ шиша толага ва композит шиферга қизиш юқори бўлмоқда. Ушбу шиферимиз одатий шифердан иссиқ ва совуққа чидамли, енгиллиги билан ажралиб туради. Асосан айвон ва енгил конструкцияли объектларга ишлатиладиган бу маҳсулотимиз 20-25 йилгача кафолатли хизмат қилади. Маҳсулотларимизни асосан ички бозорга йўналтирамиз, талабга кўра экспортга ҳам чиқарамиз. Масалан, йил бошидан буён Қирғиз Республикасига 300 миллион сўмлик экспорт қилдик. Кейинги йилдан бошқа қўшни давлатларга ҳам маҳсулот экспортини йўлга қўйиш бўйича иш олиб боряпмиз.