АҚШ президенти коронавирусга қарши вакцинани тайёр бўлиш муддатини маълум қилди
АҚШ президенти Дональд Трамп коронавирусга қарши вакцина, жорий йилнинг 3 ноябрга, яъни Америка президентлиги учун ўтказиладиган сайловларга қадар тайёр бўлиш эҳтимоли юқори эканлигини маълум қилди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.
АҚШ етакчиси бу ҳақда журналист Гералдо Ривера билан ўтказилган радиодастур эфирида маълум қилди. Трампнинг сўзларига кўра, вакцина йил охиридан анча илгари пайдо бўлиши мумкин.
Бошловчи томонидан берилган, “бу ҳолат 3 ноябрга қадар содир бўлиши мумкинми?”, - деган саволга, президент: “Фикримча, бу унга (3 ноябрга) қадар амалга ошади”, - деб жавоб қайтарди.
Бироз илгари айрим мутахассислар, вакцина масаласида Трампнинг таъсиридан хавотирда эканликларини айтган эдилар. Уларнинг фикрига кўра, Трамп сайловларда ғалаба қозониш учун вакцина ишлаб чиқарувчиларга босим ўтказиши эҳтимоли мавжуд ва бунинг оқибатида вакцина сифати етарли даражада самарали бўлмаслиги мумкин.