АҚШ сенатори ЖССТ бош директорининг истеъфога чиқишини талаб қилди
АҚШнинг Республикачилар партияси сенатори Марта Максаллининг фикрига кўра, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Гебрейсус гўё Хитой томонидан коронавирус тўғрисида тақдим этилган ҳисоботдаги кўрсаткичларни камайтириб тақдим этгани учун истеъфога чиқиши зарур.
Сенаторнинг сўзларига кўра, Хитой ҳукумати вируснинг мамлакат бўйлаб тарқалганини яширган. Бу эса ўз навбатида, дунёдаги вазиятнинг ёмонлашишига олиб келди.
“ЖССТ уларнинг айбларини яширишни тўхтатиши керак. Менинг фикримча директор Тедрос истеъфога чиқарилиши керак. Мазкур муаммони ҳал қилиш учун биз қандайдир чоралар қўллашимиз зарур”, дея 2 апрель куни сенаторнинг сўзларидан парча келтирди Politico нашри.
Бир неча кун илгари Америка разведкаси АҚШ Президентига баёнот топширди. Унда эътироф этилишича, Хитой ҳукумати коронавируснинг мамлакат бўйлаб кенг тарқалиши фактларини ва ўлим ҳолатларини беркитган.
АҚШ вице-президенти Майк Пенснинг фикрига кўра, Хитой касалликнинг асл кўламини яширганлиги сабабли Америка ҳукумати касалликка қарши чораларни ўз вақтида кўришга жуда кеч қолган. Сиёсатчининг сўзларича, ХХР эпидемияни расман эълон қилишдан камида бир ой олдин у билан тўқнаш келган.