АҚШ Хитойдаги Олимпиадага бойкот эълон қилди, Канада ҳам шунинг ҳаракатида. Буни Хитой қандай баҳолайди?
6 декабрь куни АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти 2022 йилда Хитойнинг Пекин шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларига дипломатик бойкот эълон қилиши маълум бўлди.
Бироқ, бу чоралар спортчиларнинг ўзига таъсир қилмайди. Дипломатик бойкот, давлат расмийлари ўйинларга боришдан бош тортишини кўзда тутади.
АҚШ бойкотидан кейин Канада Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Кристель Чартраннинг айтишича, Канада ҳукумати ҳам Олимпиадага бойкот эълон қилишни ўйлаб қолди. Бу ҳақда у “ТАСС”га маълум қилди.
“АҚШ қарори ҳақида бизга хабар берилди. Биз бу масалани ҳамкор ва иттифоқчиларимиз билан муҳокама қилишда давом этамиз ", деди у ва Канада Хитойда инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳақидаги хабарлардан жуда хавотирда эканлигини айтди.
Аввалроқ Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) ҳам АҚШнинг 2022 йилда Пекинда бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларига дипломатик бойкот эълон қилиш ҳақидаги қарорига изоҳ берган эди. Олимпиадада ташкилот расмий ва дипломатлари мавжудлиги ҳар бир ҳукуматнинг соф сиёсий қарори эканлигини ва ХОҚ сиёсий жиҳатдан бетараф бўлган ҳолда бу ҳуқуқни тан олишини таъкидлади.
Ўз навбатида, Хитой Халқ Республикасининг (ХХР) Вашингтондаги элчихонаси АҚШ томонидан эълон қилинган Пекин Олимпиадасининг дипломатик бойкотига баҳо берди, дея хабар бермоқда Reuters.
Элчихона АҚШнинг Олимпиада ўйинларини бойкот қилиш қарорини сиёсий ҳийла ва “олимпия хартияси руҳига зарба” дея баҳолади. Департаментнинг қўшимча қилишича, Америка томонининг баёноти “даъвогарлик”дан ўзга нарса эмас.
Россиялик сиёсатшунос, Замонавий давлат тараққиёти институти директори Дмитрий Солонников АҚШнинг Хитойга қарши “психологик ҳийласи”ни таҳлил қилар экан, олимпиадага бойкот эълон қилиш ХХРга таъсир кўрсатишнинг маънавий-психологик ўлчови бўлиб хизмат қилишини айтиб ўтди. Эксперт халқаро спорт мусобақалари кўпинча давлатлар учун “мафкуравий амбицияларини ўлчайдиган” кураш майдонига айланганини эслатди.
Пекинда қишки Олимпия ўйинлари 2022 йилнинг 4-20 февраль кунлари бўлиб ўтади. Паралимпия ўйинлари эса 4-13 март кунларига белгиланган.