АҚШда 2023 йилги илк қатл амалга оширилди: Маҳкум — қотилликда айбланган трансгендер аёл

2003 йилда қотилликда айбланган 49 ёшли трансгендер аёл Эмбер Маклафлин Миссури штатида қатл этилди. Associated Press хабарига кўра, бу АҚШда трансгендер шахснинг биринчи қатл этилишидир.

Маҳбусга штат ҳукумати унинг афв этиш ҳақидаги илтимосини рад этганидан сўнг 3 январь куни кечқурун Потоси шаҳридаги ахлоқ тузатиш марказида ўлим жазоси инъекция орқали амалга оширилган.

Афв этиш хатида Маклафлин болалик давридаги зўравонлик ва оғир руҳий тушкунлик (дипрессия)дан азият чеккани, бу эса бир неча марта ўз жонига қасд қилишга уринишларига сабаб бўлганини баён этган.

Маклафлин трансгендер бўлишдан олдин учрашган Беверли Гунтер исмли дугонасини ўлдиришда айбланган. 2006 йилда ҳакамлар ҳайъати Маклафлинни айбдор деб топган, аммо унга жазо тайинлай олмаган. Якунда ўлим жазосини тайинлаш тўғрисида судья қарор қабул қилган. Адвокатлар бу қарорга қарши чиқишга ҳаракат қилишган.

Якуний ёзма баёнотида Маклафлин қилган ишидан пушаймон эканлигини айтади.

Амбер Маклафлиннинг қатл этилиши 2023 йилда АҚШда биринчи амалга оширилган ўлим жазоси бўлди. 1970 йилларда амалиёт тикланганидан бери Қўшма Штатларда 1558 киши қатл этилган, уларнинг 17 нафари аёллар бўлган, дейилади ўлим жазосига қарши марказнинг ахборот бўлими маълумотида. Шу билан бирга, марказ ўзининг трансгендерлигини ошкора эълон қилган маҳкумларни қатл қилиш ҳолатлари ҳақида аввал маълум бўлмаганлигини таъкидлайди.