АҚШда ҳарбий самолёт қулаб тушди
АҚШнинг Техас штатида ҳарбий самолёт қулаб тушиши оқибатида икки уй вайрон бўлди, дея хабар беради Форт-Уорт ёнғин ва қутқарув хизмати.
“Жароҳатланган икки-уч нафар кишига ёрдам кўрсатилмоқда”, деб ёзди ўт ўчирувчилар Twitterда.
Уларнинг сўзларига кўра, ҳалокатга ҳарбий ўқув самолёти учраган. Бу АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари базаси жойлашган Форт-Уортга қўшни бўлган ва у билан Далласнинг ғарбий чеккасини ташкил этувчи Лейк Уорт шаҳрида содир бўлди.
Маҳаллий WFAA медиа компанияси полиция ва шифокорлар маълумотига таяниб хабар беришича, иккала учувчи ҳам катапульт орқали ҳаётини сақлаб қолган.
Ижтимоий тармоқлардаги кадрларда паст қаватли турар-жой майдонидан қора тутун кўтарилгани кўрсатилган.