АҚШда коронавирусга қарши вакцина синови тўхтатилди

Johnson&Johnson компанияси, тест синов иштирокчиларидан бирида номаълум касаллик аниқланганлиги сабабли коронавирусга қарши вакцинанинг якуний босқич синовларини вақтинча тўхтатганини эълон қилди. Бу ҳақда компаниянинг расмий веб-сайтида эълон қилинган баёнотда маълум қилинди.

“Биз, синов иштирокчиларининг бирида номаълум касаллик аниқланганлиги сабабли COVID-19 га қарши номзод вакцинамизнинг барча клиник синовларини, шу жумладан умумий учинчи босқич синовларига ҳам навбатдаги эмлаш берилишини вақтинча тўхтатдик”, дейилган баёнотда.

Айни вақтда шифокорлар қоидалар талабига биноан беморнинг аҳволини ўрганмоқдалар. Барча зарурий маълумотлар тўпланганидан сўнг, кўнгиллининг соғлиғи тўғрисида қўшимча маълум берилиши кутилмоқда.

23 сентябрь куни Johnson&Johnson номзод вакцина синовининг учинчи босқичини бошлаган эди. Ушбу босқичда Аргентина, Бразилия, Колумбия, Мексика, Перу, АҚШ, Чили ва Жанубий Африка Республикасидан бўлган, жами 60 мингга яқин кўнгилли иштирок этиши таъкидланган.