АҚШда норозилик намойишлари бўлиши мумкин
Шу ҳафтадан бошлаб АҚШнинг барча штатлари ва Вашингтондаги Капитолийда қуролли норозилик намойишлари режалаштирилаётгани маълум бўлди, деб ёзмоқда ABC News журналисти Аарон Катерский.
Унда айтилишича, бундай ҳолат 16 январдан Америка штатлари Қонунчилик йиғилиши биноларида, 17-20 январь кунлари сайланган Президент Жо Байденнинг инаугурацияси режалаштирилган Капитолийда бўлиши мумкин.
Федерал қидирув бюроси маълумотларига кўра, уларга маълум бўлган қуролланган гуруҳ 16 январь куни Вашингтонга йўл олишга шай.
"Улар 25-тузатиш орқали Конгресс президентни лавозимидан четлаштирса, катта қўзғолон бўлиши ҳақида огоҳлантирди. Шунингдек, улар барча иттифоқдошларини Трамп инаугурациядан олдин лавозимидан четлаштирилган тақдирда, суд ва маъмурий биноларни босиб олишга чақирмоқда”, деб ёзади журналист.
Эслатиб ўтамиз, 6 январь куни Доналд Трамп Вашингтондаги митингда тарафдорларини Капитолийга бостириб кириш, президент сайловларига қарши чиқишда "заиф республикачиларга ёрдам бериш"га чақирди. Ўша куни оломон Капитолийни қуршовга олди, бинога бостириб кириб, Жо Байденнинг ғалабаси тасдиқланиши кўзда тутилган Конгрес қўшма мажлисини тўхтатди.
Душанба, 11 январь куни демократлар Конгрессга - вице-президент Майк Пенсга Конституциянинг 25-тузатишидан фойдаланиб, президентлик ваколатларини унга ўтказишга чақирадиган резолюция тақдим этди. Буни Пенс ва Конгресснинг ярмидан кўпи Трамп ўз вазифаларини бажара олмаслигини тан олган тақдирда амалга ошириш мумкин бўлади. Ушбу масала бўйича қуйи палатада овоз бериш бугун, 12 январь куни бўлиб ўтади.
Бундан ташқари, демократлар Вакиллик Палатасига иғвогарлик ва тартибсизликлар қўзғашда айблаб, амалдаги президентга импичмент эълон қилиш тўғрисидаги моддани тақдим этишди. Бу бўйича овоз бериш эртага, чоршанба куни ўтказилиши кўзда тутилган.
Г.ХОЛДОРОВА тайёрлади.