АҚШга кетмоқчи бўлган самарқандлик фуқаро “чув” тушди. Йўл кира учун сотган машинасини суд орқали қайтариб олди

Айрим юртдошларимиз амалдаги тартиб-қоидаларга риоя қилишдан кўра, ўз масаласини ноқонуний ҳал этиш йўлларини излаб, фирибгарлар алдовига учрамоқда. Бош прокуратура томонидан ўтказилган таҳлил натижасига кўра, 2019 йилнинг 10 ойида рўйхатга олинган жиноятларнинг 11,7 фоизини фирибгарлик жиноятлари ташкил этган. Бу кўрсаткич Самарқандда 10,8 фоизга тенглиги қайд қилинган.

Амалиётда фирибгарлик жиноятларининг қалбаки заргарлик буюмлари ёки мавжуд бўлмаган товарларни етказиб бериш, чорва ёки техникани сотиб бериш, банкдан кредит олишда ёрдам бериш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга боғлиқ масалаларни ҳал қилиб бериш каби важлар билан содир этилиши кузатилади. Аксарият ҳолларда, жабрланувчилар фирибгарларга ўзлари “илтимос” билан боришади.

Самарқанд туманида яшовчи Жасур Умиров (исм, фамилиялар шартли) ҳам айнан шундай қилган. У “Спарк” русумли автомашинасида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиб юрганида Бобур Нодиров билан танишиб қолади ва Ўзбекистонда тирикчилик қилиш яхши эмаслигини, оилавий шароитини яхшилаш учун АҚШ давлатига бориши кераклигини айтади. Б.Нодировнинг океанортида бўлганини эшитгач, “Ака мени ҳам ҳужжатларимни тўғрилаб беринг, Америкага кетаман”, деб уни ҳоли-жонига қўймаган.

Бобур бунинг учун элчихонага олдиндан 5000 АҚШ доллари бериш кераклигини айтган. Жасур ҳозир пули йўқлигини, лекин отасига тегишли “Спарк” русумли автомашинасини сотишини, ушбу машина билан тирикчилик қилиш қийинлашганлигини, Самарқанд шаҳрида ҳам сариқ рангли машиналар кўпайиб кетганлигини айтган...

Албатта, икки ўртадаги ишонч шакллангунга қадар, орада икки йил муддат ўтган. Бу орада Жасур бир неча марта Бобурнинг ҳожатини чиқарган. Табиийки, Бобур ҳам қуруқ қолдирмаган...

- 2019 йил апрель ойининг тахминан 20-саналарида Самарқанд тумани Қайнама маҳалласида жойлашган сомсахона эгаси Акмал ака телефон қилиб, битта “Спарк” срочно сотилаётганини айтиб қолди, - дейди Паст Дарғом тумани, Димишқиболо маҳалласида яшовчи Асилбек Олимов. – Сомсахонага келсам, сариқ рангли “Спарк” автомашинаси турганини кўрдим. Акмал ака машина эгаси билан таништиргач, автомашинасини текшириб шикастланмаганини ва 2016 йилда ишлаб чиқарилганини билиб олдим.

А.Олимов автомашина баҳоси 4700 АҚШ доллари бўлишини айтганида, Жасур 5000 АҚШ долларидан камига сотилмаслигини билдирган. Орадан 4-5 соатлар вақт ўтгач, Жасур қўнғироқ қилиб, автомашинани 4.700 АҚШ долларига сотишга рози эканини айтиб, пулни олиб келишини сўраган.

Ажабланарлиси, А.Олимов Жасурга пулни санаб берганида у долларларни Бобурга тутқазган. Машина эгаси, яъни отаси Россия давлатига кетгани ва 15 май куни Ўзбекистонга қайтиб келишини, ўшанда автомашинани Асилбек Олимовнинг номига расмийлаштириб беришини айтган.

Аммо белгиланган муддат келса ҳамки, “Спарк” автомашинаси таксичилик қилиш учун рўйхатга қўйилган МЧЖ балансидан чиқарилмайди. Табиийки, А.Олимовнинг номига расмийлаштирилмайди ҳам. Жасурни излаб уйига келган А.Олимов “Спарк” автомашинасининг 4700 АҚШ доллари миқдоридаги пулларини Америкага кетиш учун ҳужжатларини расмийлаштириб беради, деб Бобур акага берганини, у эса дом-дараксиз кетганини эшитади.

Суд Бобур Нодировга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми «а» банди билан айбли, деб топиб, ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда икки йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланлаш ҳақида ҳукм чиқарди.

Суд ҳукмига кўра, Самарқанд вилояти ИИБ депозит ҳисобрақамига етказилган зарар ҳисобидан тўланган 43.895.072 сўм пул маблағлари тўлиқ фуқаровий даъвогар А.Олимовга ўтказилади.

Д.НУРАЛИЕВ,

жиноят ишлари бўйича Самарқанд тумани суди судьяси.