АҚШнинг радиацияни аниқловчи ускуналари энди Самарқанд халқаро аэропорти божхона постларида ҳам ишлайди
Аввал хабар берганимиздек, Самарқандда “Ядровий контрабандага қарши курашиш” мавзусида “С5+1” форматидаги Марказий Осиё учун минтақавий конференция бўлиб ўтмоқда.
Анжуман доирасида Самарқанд халқаро аэропорти чегара божхона пости учун тақдим қилинган радиацияни аниқловчи ускуналарнинг расмий топшириш маросими бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон АҚШ, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон давлатлари радиация хавфсизлигига алоқадор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
- АҚШнинг энергетика вазирлиги ва Ўзбекистон давлат божхона қўмитаси 2006 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келади, - дейди АҚШ энергетика вазири ўринбосари ёрдамчиси Кристине Бент. - Иккала ташкилот ўртасида 2017 йилда меморандум ҳам имзоланган. Шу боис биринчи марта Ўзбекистонда Самарқанд халқаро аэропортини АҚШ ҳудудидан ташқарида ҳеч қайси мамлакатда ўрнатилмаган, сунъий интеллектда ишлайдиган радиациявий моддаларни аниқловчи ускуналар билан таъминладик. Ушбу қурилманинг афзаллиги шундаки, инсон саломатлиги учун зарарли бўлган, кўз билан кўриб, қўл билан ушлаб бўлмайдиган радиациявий моддаларни масофадан мониторинг қилса бўлади. Ўйлаймизки, келажакда бу каби ускуналар Ўзбекистоннинг бошқа постлари ва аэропотларида ҳам ўрнатилиб, чегараларимиз хавфсизлигини таъминлашга ёрдам беради.
Конференция 13 октябрга қадар давом этади ва иштирокчилар минтақавий савдони яхшилаш, транспорт ва энергетика алоқаларини мустаҳкамлаш, ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш, экологик муаммолар ва экстремизмга қарши курашиш ҳамда гуманитар алоқаларни кенгайтириш масалаларида тажриба алмашади.