Армрестлинг: Ўн етти ёшли чемпион
Шоҳсанам Улуғмуродова 2005 йилда Иштихон туманида туғилган. Олти йилдан буён армрестлинг спорт тури билан шуғулланиб келади. Ёш бўлишига қарамай, Ўзбекистон ва Осиё чемпиони, жаҳон чемпионатида кумуш медаль соҳибаси, халқаро турнирлар совриндори бўлган.
- Спортда ва ҳаётда эришган ютуқларимда устозим Нодира Бекмирзаеванинг ўрни беқиёс, - дейди Шоҳсанам. – 2019 йилда у кишига шогирд тушиб, илк бор армрестлинг бўйича Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритганман. Шундан кейин терма жамоага қабул қилиндим ва илк марта Қирғизистонда ўтказилган Осиё чемпионатида олтин медалга сазовор бўлдим. Ўшанда мендан ҳам кўпроқ мураббийим хурсанд бўлганди. У кишидан нафақат спорт сирларини, балки ота-онанинг, юртнинг қадрига етишни, мақсадим йўлида ҳеч қачон чекинмасликни ўргандим. Айниқса, мусобақаларда енгилган пайтим “Ҳеч қачон руҳингни чўктирма, сен ҳали ёшсан, олдинда мусобақалар кўп, ўз устингда ишлашинг керак”, дея далда бериб, қўллаб-қувватлайди.
Шу кунгача у кишининг маслаҳатларига амал қилиб, кам бўлганим йўқ. 2020 йилда ўсмирлар ўртасида Австрияда ўтказилган Осиё кубогида ва 2021 йил Руминиянинг Бухарест шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида кумуш ҳамда жорий йилнинг апрель ойида Самарқандда ўтказилган Осиё чемпионатида бронза медалларини қўлга киритдим. Энди шу ойда Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтказиладиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўряпмиз. Насиб этса, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, жаҳон чемпионлигини қўлга киритаман.
- Шоҳсанам терма жамоага қабул қилинган бўлса-да, доим бирга машғулот олиб борамиз, мусобақаларга ҳам биргаликда тайёрланамиз, - дейди спортчининг мураббийи Нодира Бекмирзаева. – Аксарият спортчилар терма жамоага қабул қилингандан кейин мураббийини алмаштиради. Лекин Шоҳсанам ундай қилмади, “Биргаликда жаҳон чемпионлигини қўлга киритамиз”, дейди. У шогирдларим орасида тиришқоқлиги ва интилувчанлиги билан ажралиб туради. Машғулотларда хато қилмасликка, кўпроқ ўз устида ишлашга интилади. Шоҳсанам ҳали мактаб ўқувчиси, шунга қарамай, тинимсиз меҳнати эвазига ота-онаси ва бизнинг ишончимизни оқлаяпти, у билан фахрланаман.
Фазлиддин Рўзибоев.