Арзонга сотманг!
Бир куни шоҳ вазири билан қишлоқни айланиб қолибди. Сайрда икковлон бир кекса чолга рўбарў келибди. Подшоҳ қария билан салом-аликдан кейин суҳбат бошлабди.
— Иккитанинг аҳволи қандай?
— Учта бўлишди.
— Кучлининг аҳволи қандай?
— Заифлашиб қолди.
— Узоқнинг аҳволи қандай?
— Яқин бўлиб қолди.
— Арзонга сотманг.
— Айтиб қўйманг.
Подшоҳ билан қария ўртасида гап шу алфозда давом этар экан, вазир бу гапларнинг бирортасига ҳам тушунмай ҳайрон бўлиб турарди. Подшоҳ шу ерда суҳбатни тугатиб йўлда давом этди. Подшоҳ шаҳарни айланиб бўлиб қасрга кириб кетгач, вазир шоша-пиша чолнинг олдига югурибди. Подшоҳ билан бўлган гапнинг маъносини билиш учун чолдан бирма бир сўрабди.
Чол вазирнинг саволига жавоб бериш эвазига пул талаб қилибди. Шунда вазир унга минг дирҳам бертбди. Чол жавоб берибди:
— Подшоҳ айтган иккита бу, икки оёғим. Учта бўлди деганим, ёнига асо ҳам қўшилди, деганим.
Иккинчи саволга жавоб бериш эвазига чол яна икки баробар ҳақ тўлашини талаб қилибди. Вазир чолга икки минг дирҳам берибди.
— Кучли дегани, қулоқ эди. Эшитиш заифлашиб қолди, дедим.
Учинчи саволга жавоб бериш учун чол яна икки баравар пул талаб қилибди. Ноилож вазир тўрт минг дирҳам берибди.
— Узоқ дегани, икки кўзим, ҳозир яқинни зўрға кўряпти, дедим.
Вазир тўртинчи саволга жавоб сўраганда чол жавоб беришдан бош тортибди ва агар бор пулининг ҳаммасини берса, шундагина айтиши мумкинлигини айтибди. Вазир ноилож, бор маблағининг ҳаммасини чолга берибди. Чол:
— Арзон сотмагин дегани, подшоҳ сени мендан ушбу маълумотларни сўраб келишингни билар эди. Шунда бу маълумотларни арзонга сотмагин, деган эди. Мана, қимматга сотдим, — деб жавоб берган экан.