Асфальт ўрнида геотекстил

«Ургут эркин иқтисодий зона»нинг Мерганча массивида жойлашган “Sam-Negin” масъулияти чекланган жамиятида янги инновацион маҳсулотлар, хусусан йўл ва уй қурилиши, сув иншоотлари, энергетика ҳамда темирйўл тизими, қишлоқ хўжалиги соҳаси учун асқотадиган геотекстил ишлаб чиқарилмоқда.

Айни пайтда иқтисодий зонанинг баъзи йўлларига мана шундай полиэфир толасидан тайёрланган экологик хавфсиз нотўқима мато ётқизилмоқда. Бу тўшама SN Group бренди остида 100 фоиз маҳаллий хом-ашёдан тайёрланмоқда.

- Корхона Хитой, Жанубий Кореянинг замонавий технологиялари билан жиҳозлангани боис маҳаллийлаштириш дастурига асосан импорт ўрнини босувчи маҳаллий хом ашёдан экспортга мўлжалланган, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга киришганмиз, - дейди корхона раҳбари Абдурашид Турсунов. - Пандемия бўлишига қарамасдан экспорт географиясини кенгайтиришга ҳаракат қиляпмиз. Жорий йилнинг 5 ойи давомида МДҲ давлатлари ва Афғонистонга 630 минг АҚШ долларлик маҳсулот жўнатилди.

Иқтисодий зонада 2020 йил 1 июль ҳолатида 73 та инвестицион лойиҳадан 49 таси ишлаб чиқаришни бошлаган. Ушбу лойиҳалар доирасида 3288 та иш ўрни яратилди. Мазкур корхоналар томонидан 470 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 10 миллион АҚШ долларлик маҳсулотлар экспорти амалга оширилди.

А.Искандаров.