6 миллион ўзбeкистонлик хорижда

Ҳозирги глобаллашув шароитида миграция жараёнлари жаҳон миқёсида муҳим ижтимоий-иқтисодий ҳодисалардан бирига айланиб бормоқда. Хусусан, меҳнат миграцияси ривожланаётган давлатлар учун ҳам муҳим омил сифатида намоён бўлмоқда. Мигратсия — бу аҳолининг турли иқтисодий, ижтимоий ёки сиёсий сабабларга кўра бир ҳудуддан бошқасига кўчиб ўтиш жараёнидир. Бугунги кунда, айниқса, иш излаб хорижга чиқиш ҳолатлари кенг тарқалган бўлиб, бу жараён мамлакат иқтисодиётига сезиларли таъсир кўрсатмоқда.

Меҳнат миграциясининг асосий омиллари қаторига ички меҳнат бозорида иш ўринларининг етишмаслиги, иш ҳақи даражасининг пастлиги ҳамда турмуш шароитларидаги фарқларни киритиш мумкин. Иқтисодий назарияларга кўра, ривожланаётган мамлакатларда яшовчи аҳоли юқори даромад ва барқарор ҳаёт излаб ривожланган давлатларга йўл олади. Шу жиҳатдан, Ўзбекистон фуқаролари орасида ҳам хорижга чиқиб меҳнат фаолиятини амалга ошириш кенг тарқалган ҳодисага айланган.

Статистик маълумотларга кўра, 2025-йилда хорижда бўлган ўзбекистонликлар сони 6,2 миллион кишидан  ошган. Йил давомида улар томонидан юборилган пул ўтказмалари ҳажми  тахминан 18.9 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, бу кўрсаткич аввалги йилга нисбатан қарийб 28 фоизга ошган. Ушбу маблағлар мамлакат иқтисодиёти учун муҳим молиявий манба бўлиб хизмат қилади. Хусусан, пул ўтказмалари аҳоли даромадларини ошириш, истеъмол даражасини яхшилаш ҳамда кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Меҳнат миграцияси ижобий натижалар билан чекланиб қолмайди. Мигрантлар хорижда янги касбий тажриба ва замонавий кўникмаларни эгаллаб, кейинчалик ўз юртига қайтгач, ушбу билимларни амалиётга татбиқ этиш имкониятига эга бўлади. Бу эса инсон капиталининг ривожланишига хизмат қилади, бироқ мазкур жараённинг салбий жиҳатлари ҳам мавжуд. Энг аввало, ишчи кучининг катта қисми хорижга чиқиб кетиши натижасида ички меҳнат бозорида малакали кадрлар танқислиги юзага келиши мумкин. Бундан ташқари, узоқ муддатли миграция оилавий муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши, ижтимоий муаммоларни келтириб чиқариши эҳтимолдан холи эмас. Айрим ҳолларда эса иқтисодиёт ички ресурслардан тўлиқ фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлиб қолади.

Мутахассислар фикрига кўра, миграция жараёнларини самарали бошқариш учун комплекс ёндашув зарур. Жумладан, мамлакат ичида янги иш ўринларини яратиш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ёшларни замонавий касбларга ўқитиш муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, хориждаги меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий хавфсизлигини таъминлаш ва иқтисодий салоҳиятидан оқилона фойдаланиш долзарб вазифалардан биридир.

Меҳнат миграцияси мураккаб ва кўп қиррали жараён бўлиб, бир вақтнинг ўзида ҳам имконият, ҳам муаммо сифатида намоён бўлади. Мазкур жараённинг ижобий жиҳатларини кучайтириш ва салбий оқибатларини камайтириш эса давлат сиёсати ва илмий асосланган ёндашувларга боғлиқдир.

Валишер Абиров,

Тошкент давлат Шарқшунослик университети доценти в.б.

Ҳилолахон Эркаева,

Тошкент давлат шарқшунослик университети талабаси.