Асосий мақсад - инсон қадрини юксалтириш
Айни кунларда бутун халқимиз 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳасида фаол иштирок этмоқда.
Гап шундаки, Президентимизнинг бу ҳақдаги фармони ҳамда Давлат дастури лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида жойлаштирилиши натижасида юртдошларимиз 7 та устувор йўналиш, 100 та мақсад ва 309 та банддан иборат дастур лойиҳаси юзасидан ўз таклифларини билдириш имкониятига эга бўлди.
Ёдингизда бўлса, давлатимиз раҳбари 2022 йил 20 декабрда Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида 2023 йилга «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб ном беришни таклиф этган ва ушбу йилда амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларга алоҳида эътибор қаратган эди.
Албатта, бунда, энг аввало, аҳолининг ҳаёт даражасини янада юксалтириш, таълим сифатини илғор жаҳон стандартларига мувофиқлаштириш, барқарор иқтисодий ўсишга эришиш ҳамда камбағалликни қисқартириш асосий диққат-эътибордаги масалалардир.
Шундан келиб чиқиб, дастур лойиҳасида:
- инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш;
- мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш;
- миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш;
- адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш;
- маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш;
- миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш;
- мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш йўналишларида йил давомида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгиланмоқда.
Хўш, ушбу вазифалар нималардан иборат?
Аввало, халқимизнинг оғирини енгил қилиш, янада қулайликлар яратиш ва харажатларини тежаш мақсадида 2023 йил 1 июлдан бошлаб барча давлат органлари ва ташкилотларида «Аҳоли ва тадбиркорларга сервис сифатини ошириш» чора-тадбирлари белгиланаётганини алоҳида айтиш зарур. Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан анъанавий тарзда кўрсатиладиган қўшимча 200 та давлат хизматларини Давлат хизматлари марказлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиш йўлга қўйилади. Шу тарзда электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари 73 фоизга етказилади.
Лойиҳага кўра, идоралараро электрон маълумотлар алмашинуви асосида фуқаролар касаллигининг оғирлиги ва унинг асоратларидан келиб чиқиб, уларнинг иштирокисиз ногиронлик белгиланади.
Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳаси «шаҳар автомобиллар эмас, балки пиёдалар учун» ғояси асосида ислоҳ қилинади. Унга кўра, жорий йил 1 июндан республиканинг барча аҳоли пунктларида транспорт воситалари ҳаракатланиш тезлигини соатига 70 километрдан 60 километрга тушириш таклиф этилмоқда.
Мазкур масала бугун кунда жуда долзарб бўлиб, аҳоли, айниқса, болалар хавфсизлиги йўлида бундай қарорга келиш ўринли ҳисобланади. Аслида бугунги кунда юртимизнинг кўплаб ҳудудларида, жумладан, Самарқанд вилоятида ҳам ўндан ортиқ кўчада мазкур тартиб асосида транспорт воситаларининг энг юқори тезлиги 60 километрга пасайтирилган.
Лойиҳада аҳолининг электр энергиясига бўлган талабини қондириш учун янги генерация қувватларини яратиш бўйича белгиланган чора-тадбирлар вилоятимизга ҳам тегишли бўлиб, унга кўра, Самарқандда Бирлашган Араб Амирликларининг «Masdar» компанияси билан ҳамкорликда умумий қуввати 440 МВтга тенг қуёш фотоэлектр станциясини қуриш кўзда тутилган. Қуёш ва шамол электр станциялари ҳисобидан қўшимча электр ишлаб чиқариш орқали хонадонларга бериладиган электр энергиясини 50 фоизга кўпайтириш режалаштирилмоқда. Шунингдек, «Total Energies» компаниялар гуруҳи билан ҳам муқобил энергия манбаларига инвестиция киритиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Булар ҳам албатта, халқимиз турмуш даражасини оширишга хизмат қилади.
Қолаверса, лойиҳада жорий йилда юртимизда туризм хизматлари экспортини 2 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилган. Бу борада ҳам айни пайтда мамлакатимизда, хусусан, вилоятимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорида «Самарқанд – Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси» тарғибот кампанияси ўтказиш белгиланган. Шу мақсадда Самарқанд шаҳрида «Aviation & Logistics Forum» II халқаро авиация форуми ташкил этилади. Жорий йилда Самарқанд жаҳон туризм ташкилотининг навбатдаги йиғилишига ҳам мезбонлик қилади, умуман, бу ерда йил давомида йигирмадан ортиқ халқаро форум ва анжуманлар ўтказилади. Янгидан бунёд этилаётган Имом Бухорий мажмуаси ҳам шу йилдан фойдаланишга топширилиб, сайёҳларни қабул қила бошлашини мамнуният билан таъкидламоқчимиз. Янги туризм кўчалари, туризм қишлоқлари барпо қилинади ва шунга мос равишда инфратузилма яратилади, хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади.
Буларнинг барчаси Самарқанднинг туристик салоҳиятини ошириш, қадимий кентга келадиган сайёҳлар оқимини кўпайтиришда, шаҳарни дунё танийдиган мегаполисга, халқаро туризм ва бизнес марказига айлантиришда айни муддаодир.
Шунингдек, лойиҳада Самарқанд шаҳрини алоҳида маъмурий-ҳудудий бирлик сифатида республика бўйсунувига ўтказиш чора-тадбирлари белгиланган. Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномада илгари сурган мазкур ташаббуси, нафақат вилоятимиз ва Самарқанд шаҳри аҳолиси томонидан, балки бутун халқимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Қадимий шаҳарга бундай мақом берилиши унинг дунёдаги нуфузини ошириш билан бирга, янада тараққий этишига замин яратади.
Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш – бу йилги давлат дастурининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Лойиҳага биноан, йил давомида ишсиз ва иш қидираётган шахсларнинг 160 минг нафари ўзи истаган касбларга ўқитилади, 14 минг нафарининг касбий малака даражаси тасдиқланади. Айни чоғда оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган 75 минг нафар ишсиз хотин-қиз давлат ҳисобидан меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитилади. Бу борада вилоятимизда ҳам режалар ишлаб чиқилиб, амалий ишлар бошлаб юборилди. Самарқанд шаҳридаги «Мономарказ» ҳамда туман, шаҳарлардаги касб-ҳунарга ўқитиш марказларида ишсиз фуқаролар йигирмадан зиёд касб-ҳунарга ўқитилмоқда.
Жорий йилда фарзандларимизнинг сифатли таълим-тарбия олиши ҳам асосий эътибордаги масалалардан бирига айланади. Жумладан, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш кўламини ошириш орқали қамровни 92 фоизга етказиш кўзда тутилган. Шу мақсадда мактабгача таълимнинг муқобил шакллари жорий этилади. «Намунавий мактаб» лойиҳалари ижрога қаратилиб, янги мактаблар қуриш, реконструкция қилиш ишлари кўлами янада кенгаяди.
Бундан эзгу саъй-ҳаракатлар олий таълим тизимида ҳам амалга оширилиб, вилоятдаги университет ва институтларда янги ўқув бинолари ва лабораториялар бунёд этилади. Ўнга яқин талабалар тураржойлари қурилади.
Лойиҳада миллий маданиятимиз ва санъатимизни кенг тарғиб қилишга қаратилган халқаро маданий тадбирларни ўтказиш юзасидан ҳам қатор вазифалар белгиланган. Жумладан, пандемия сабабли тўхтаб қолган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалини жорий йилда ўтказиш режалаштирилган.
Умуман, ҳужжат лойиҳасида саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини ривожлантириш, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш, энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш, экологик муаммоларнинг олдини олиш, «яшил» технологияларни кенг қўллаш ва бошқа соҳаларга доир чора-тадбирлар йил дастури асосини ташкил этиб, мамлакатимизда «Инсон қадри учун» тамойили ҳаётда ўз ифодасини топиши учун дастуриламалга айланади.
Шу ўринда айтиш керакки, муҳокама давомида билдириладиган таклифлар, албатта, инобатга олинади. Ана шунда давлат дастури биз кутгандек халқчил ва мукаммал ҳужжатга айланади. Зеро, асосий мақсад инсон қадрини улуғлашдан иборат. Шу маънода, барча юртдошларимиз, жумладан, самарқандликларни муҳокамалар жараёнида янада фаол бўлишга чақирамиз.
Эркинжон Турдимов,
Самарқанд вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси.