Атроф-муҳитни ифлослантириш 2 073 000 сўмгача жаримага сабаб бўлади

Дунё бўйича кунлик маиший чиқиндининг учдан бир қисми қайта ишланади. Шу сабабли чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, уларни тўплаб олиб кетиш, ташиш, сақлаш, кўмиб ташлаш, қайта ишлаш, утилизация ва реализация қилиш билан боғлиқ фаолият тобора долзарб бўлиб бормоқда.

Мамлакатимизда ҳам атроф-муҳитни муҳофазалаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аниқлаш ва чек қўйиш, соҳага доир қонунчиликни янада такомиллаштириш чоралари кўрилмоқда.

Жумладан, 2018 йил 10 октябрда "Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан, шу жумладан, ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун қабул қилинди.

Қонунда асосан саноат ва маиший чиқиндилар билан атроф-муҳитни ифлослантириш, белгиланмаган жойларга уларни ташлаш ҳолатлари юзасидан маъмурий жавобгарлик чоралари янада кучайтирилди.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг янги таҳририда саноат чиқиндиларини, маиший чиқиндиларни ва бошқа чиқиндиларни тўплаш, ташиш, жойлаштириш, зарарсизлантириш, сақлаш, утилизация қилиш, қайта ишлаш, реализация қилиш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларининг бузилиши учун фуқароларга ва мансабдор шахсларга нисбатан қўлланиладиган жарималар миқдори қарийб икки баравар оширилди.

Мазкур кодекс янги 911, 912, 913-моддалар билан тўлдирилди. Унга кўра, белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларни ташлаш, суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш фуқароларга энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса уч бараваридан беш бараваригача жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкинлиги қатъий белгилаб қўйилди.

Юқоридаги қонун билан "Чиқиндилар тўғрисида"ги қонун ҳам янги қоидалар билан тўлдирилиб, қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Яъни, амалдаги санитар нормалар ва қоидаларга кўра чиқиндиларни ёқиб юбориш ёки кўмиб ташлаш чиқиндиларни зарарсизлантириш нормаси мавжуд бўлган бўлса, янги киритилган қоидага кўра чиқиндиларни зарарсизлантириш - чиқиндиларни нейтрал ҳолатга келтириш, дезактивация, дезинфекция, демеркуризациялаш, чиритиш, ёқиб юбориш, термик жиҳатдан қайта ишлаш ва кўмиб ташлаш билан боғлиқ қоида эканлиги нормаси киритилди.

Қонуннинг 15-моддаси янги таҳрири баёнига кўра, амалиётда илк бор юридик шахсларга қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва вақтинча сақлаш учун контейнерлар ўрнатиш мажбурияти қоидаси  юкланмоқда.

Худди шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг сув истеъмоли ва сув ресурслари ва иншоотларидан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги 74, 75, 76-моддаларидаги санкциялар ҳам кучайтирилиб, жарималар миқдори кескин равишда оширилди.

Вилоятимизда ҳам жойларда санитария ва экологик вазиятни тубдан яхшилаш, ҳудудларни ободонлаштириш, чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, уларни тўплаб олиб кетиш, ташиш, сақлаш, кўмиб ташлаш, қайта ишлаш, утилизация ва реализация қилиш билан боғлиқ фаолиятни тартибга солиш мақсадида вилоят ҳокими томонидан 2018 йил 21 ноябрда ҳудудларни ободонлаштириш, санитария қоидаларига риоя қилиш, маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишни янада самарали йўлга қўйиш бўйича қарор қабул қилинди.

Бу ҳужжат билан чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, йиғилиши, сақланиши, ташилиши, саралаш ва утилизация қилиш фаолиятини қонунга зид равишда амалга оширишга чек қўйиш борасида мутасадди ташкилот раҳбарларига вазифалар белгилаб берилди.

Илгари, шаҳар, туманларнинг тозалиги ва қиёфаси талабларига жавоб бермайдиган даражада ифлосланган, кўча ва йўлларни ифлослантириш эҳтимолига эга транспорт воситаларининг шаҳар ва туман марказлари бўйлаб ҳаракат қилишини чеклаш юзасидан бирор-бир амалий чоралар кўрилмаган эди. Шунингдек, кўчаларни ифлос қилиши мумкин бўлган юклар, қурилиш материаллари ва чиқиндиларни очиқ автотранспорт воситаларида ташиш ҳам экологияга зарар келтираётганди. Қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиш ишларининг махсус автотранспорт воситаларида амалга оширилиши, санитария ва гигиена талабларига мутлақо зид равишда шаҳар, туманлар кўчалари бўйлаб чиқинди териб юрган шахслар фаолиятини тақиқлаш юзасидан ҳам чора йўқ эди.

Эндиликда юқоридаги қарор билан “Чиқиндилар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида белгилаб қўйилган ваколатларни сўзсиз амалга оширилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қоидаларига амал қилиш юзасидан туман ва шаҳар ҳокимликлари, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ва бошқа тегишли идораларга шахсий жавобгарлик юклатилди.

                                                              Баҳодир ҚАРШИЕВ,

вилоят ҳокимлиги

                                                              юридик хизмат бош юрисконсульти.