Австриялик мутахассис: Ўзбекистонда сут ва гўшт етиштиришда муаммо йўқ. Фақат уларни қайта ишлаш, ортганини хорижга экспорт қилиш керак, холос

Мамлакатимизда етиштириладиган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари бутун дунёда қадрланади. Президентимиз таъкидлаганидек, бу маҳсулотлар Ўзбекистон учун тайёр “бренд”. Шунинг учун ҳам бундай маҳсулотларни қайта ишлаш, эҳтиёжимиздан ортганини экспортга йўналтириш бугун соҳа вакиллари олдида турган муҳим вазифа.

Самарқанд ветеринария медицинаси институтига нафақат Европа, балки дунё бозорида ўзининг озиқ-овқат саноати учун замонавий машина, асбоб-ускуна ва жиҳозлари, технологиялари билан машҳур бўлган Австриянинг “ВЕRSCН” фирмаси вакиллари ташриф буюрди.

Бугунги глобаллашув жараёнида бутун ер юзида озиқ-овқат хавфсизлиги долзарб масала. Табиий маҳсулотларга талаб ўта юқори. Шунингдек, табиий тоза сут ва гўшт етиштиришнинг ўзи бир муаммо.

90 йиллик тарихга эга “ВЕRSCН” машина ва технологиялари озиқ-овқат саноатида гўшт ва сутни сифатли қайта ишлашни кафолатлайди.

Таълим муассасаси раҳбари, биология фанлари доктори профессор Х.Юнусовнинг таклифига биноан, мамлакатимизга ташриф буюрган фирма директори Хуберт Хакль юртимизнинг бу борадаги салоҳиятини юқори баҳолади.

– Сут ва гўшт етиштириш бўйича сизларда муаммо йўқ, деб ўйлайман, - деди “ВЕRSCН” директори. – Яъни, бундай хомашё танқислиги Ўзбекистонда кузатилмайди. Фақат уни қайта ишлаш, ўзингиздан ортганини хорижга экспорт қилишингиз керак, холос. Европада бу соҳа бутунлай саноатлашган. Сиз - мутахассис, биз - ишлаб чиқарувчи сифатида ҳамкорлик қилсак, икки томон манфаат кўради.

Малакали технолог иштирокида ўқув-семинар ҳам ташкил этилди.

Эслатиб ўтамиз, “ВЕRSCН” фирмаси технологияси асосида Паст Дарғом ва Ургут туманларида сутни қайта ишлаш цехлари (пишлоқ, йогурт, қаймоқ ишлаб чиқаришга ихтисослашган) ташкил этилган. Фирма мутахассислари Андижон вилоятида Германия инвестицияси асосида жорий этилган лойиҳаларда ҳам иштирок этмоқда.

Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА.