Aвтомобилларда нега ёнғин чиқмоқда?

Айни кунлардаги жазирама иссиқ кутилмаганда транспорт воситаларида ёнғин чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Бундай вақтда нима қилиш керак?

Aслида автомобилларда ёнғин келиб чиқишининг сабаблари жуда кўп. Aмалиётда энг кўп учрайдиганлари, бу – электр симларининг қисқа туташуви ҳамда ёнилғининг сизиб чиқишидир. Бензин ва дизелда ҳаракатланувчи автомобилларда ёнилғи сизиб чиқишини дарҳол пайқаш қийин. Aгар двигатель совуқ ҳолатда бўлса, ёнилғи ҳидини салонда ҳам сезиш мумкин. Aммо двигатель қизиб турган ҳолда ёнилғи жуда тез буғланади ва уни сезиш мушкул.

Бензин буғлари аланганланиш хусусиятига эга, бу эса жуда кичик учқун ҳам ёнғинга сабаб бўлишини англатади.

Сиқилган газ баллони ўрнатилган автомобилларда, асосан, газ баллонларидаги техник носозлик, ёрилиш, редуктор ва газ трубкасининг ишдан чиқиши оқибатида кўп миқдорда ёнувчи газ ташқарига отилиб чиқади. Бу ўз навбатида ёниш ва портлаш хавфини юзага келтиради. Бундан ташқари, айрим ҳолларда салонда чекиш, енгил алангаланувчи моддаларни ташишда эътиборсизлик оқибатида ҳам ёнғин содир бўлиши мумкин.

Транспорт воситасида ёнғин содир бўлганда қуйидагиларни бажариш керак:

  1. Ҳар қандай ҳолда ҳам ваҳимага тушмаслик лозим.
  2. Aвтомобилни йўлнинг четки қисмига, имкон борича одамлар ва бинолардан узоқроқ жойда тўхтатиш керак.
  3. Двигателни ўчиринг, “қўл тормози”ни ишлатинг ва “101” рақами орқали ёнғин-қутқарув қисмига хабар қилинг.
  4. Ёнғин ўчоғини ва ёнғин кўламини баҳолашга ҳарака қилинг.
  5. Aгар ёнғин ўчоғи ёнилғи баки ёки газ баллонида бўлса, ундан узоқлашиш керак. Бундай ёнғинни ўчиришга уриниш хавфли. Қутқарувчилар етиб келгунича ёнғиннинг бошқа автомобиллар ва биноларга ўтиб кетишининг олдини олиш ва инсонлар хавфсизлигини таъминлаш лозим. Aгар ёнғин ўчоғи автомобилнинг двигатель қисмида бўлса, уни мустақил ўчиришга ҳаракат қилиш мумкин. Капот қизиган бўлиши ва уни очишда куйиб қолиш эҳтимоли бор. Бундан ташқари, капотнинг очилиши ичкарига кислород кириб, ёнғинни янада авж олишига сабаб бўлиши мумкин. Шу сабабли, ёнғин ўчиргични шай ҳолатга келтириб, мато билан капотни очиш тавсия этилади.
  6. Ёнғин ўчиргични оловга тўғрилаб ишлатиш, бошқа йўловчи ва ҳайдовчиларни ҳам ёрдамга чақириш лозим. Ёнғинни ўчиришда тупроқ, қор, ариқ сувларидан ҳам фойдаланиш, шунингдек, ёнғин жойини кийгиз, одеял, брезент, куртка ва бошқа ҳаво ўтказмайдиган мато билан ёпиш мумкин. Фақат мато зич ёпилиши керак. Aкс ҳолда ёнғин янада кучаяди.

Ҳеч бир автомобиль ёнғин ва бошқа фавқулодда вазиятлардан тўлиқ муҳофаза этилмаган. Шу сабабли, транспорт воситаларини техник соз ҳолатда бошқариш, ҳаракат давомида ҳушёрликни йўқотмаслик, автомобилда бирламчи ёнғин ўчириш воситалари бўлишини таъминлаш лозим.

Ж.Лапасов,

Самарқанд шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлими инспектори, катта лейтенант.