«Автостанция қурадиган тадбиркор бор, лекин туман ҳокимлиги ер ажратган эмас»: Транспорт бошқармаси Оқдарёда автостанция қурилмагани масаласига муносабат билдирди

иллюстратив фото
24 январь куни «zarnews.uz» сайтида эълон қилинган «Оқдарёда автостанция қачон қурилади?» сарлавҳали мақолага вилоят транспорт бошқармаси муносабат билдирди.
Унга кўра, мазкур муаммо юзасидан бошқарма томонидан бир неча бор Оқдарё туман ҳокимлигига мурожаат қилинган, таклиф билдирилган, аммо =окимлик томонидан ер ажратилмаган.
“2018 йил 6 мартдаги “Автомобил транспортини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорида вилоятнинг 7 та туманида автостанциялар қуриш белгиланган эди. Ҳозиргача Пахтачи, Нарпай, Иштихон, Ургут, Нуробод туманларида автостанциялар қурилиб, фойдаланишга топширилган бўлса, Жомбой туманида эндигина қурилиш ишлари бошланиш арафасида турибди.
Бироқ, Оқдарё туманида мазкур қарорнинг ижросига лоқайдларча муносабатда бўлиб келинмоқда.
Вилоят транспорт бошқармаси томонидан мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш ҳамда ҳудудда жамоат транспорти қатновини йўлга қўйиш борасида Оқдарё туман ҳокимлигига бир неча бор расмий равишда мурожаат қилинган бўлса-да, ҳанузгача ер майдони ажратилган йўқ. Холбуки ҳудудда автостанция қуриш истагида бўлган тадбиркорлар бор.
Шунингдек, мақолада Самарқанд шаҳрига Хитойдан 100 дона автобус олиб келиниши режалаштирилган ҳақида ҳам фикрлар бор эди. Бироқ, пандемия сабабли бошланган ишлар якунига етмасдан қолиб, режада белгиланган муддатларни ортга суриб юборди.
Ушбу автобуслар жорий йилда олиб келиниши кўзда тутилган.
Ҳозирда Самарқанд шаҳрида қулай транспорт тизимини яратиш борасида янги лойиҳани амалга ошириш ишлари бошлаб юборилган. Шунингдек, шаҳардаги автобус йўналишларидаги автотранспортларни янгилаш мақсадида замонавий янги автобуслар сотиб олиш чоралари кўрилмоқда. 2022-2024 йилларда жами 435 та автобус ва микроавтобус сотиб оладиган автокорхоналар аниқланди”, дейилади вилоят Транспорт бошқармаси ахборот хизмати хабарида.