Оқдарёда автостанция қачон қурилади?

22 январь куни «Ўзбекистон 24» телеканалида намойиш этилган «Менимча» кўрсатуви ва ижтимоий тармоқларда Президентнинг жойларда жамоат транспорти кўрсатаётган хизматлардан кўнгли тўлмаётгани, автошоҳбекатлар ва ҳатто оддий бекатлар йўқлиги ҳақидаги фикрлари кўпчиликнинг эътиборини тортди.

Таҳририятимизга оқдарёлик бир гуруҳ фуқаролар мурожаат қилиб, туманда жамоат транспорти аҳволи ўта сустлиги, кичик бўлса-да автобошбекат мавжуд эмаслиги боис йўловчилар азоб чекаётганини билдирди.

"Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 мартдаги “Автомобил транспортини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига асосан Оқдарё тумани марказида автостанция қурилиши белгиланган эди, - дейилади мурожаатда. - Бу ҳақда қарорнинг 8-иловасида лойиҳанинг аниқ манзил, муддат ва суммаси келтирилган бўлиб, 2020 йилда фойдаланишга топширилиши лозим эди. Аммо амалда бу вазифа бажарилмади. Буни Президент қарори бажарилмаса ҳам бўлади, деб тушуниш керакми ёки йўловчиларга шароит яратиб бериш шарт эмас, дебми? Аслида бу энг савоб иш. Лекин уни бажарадиган, бажарувчини назорат қиладиган, аҳолини ўйлайдиган масъул шахслар борми?

Туманимизнинг бир қисми Самарқанд шаҳрига яқин бўлганлиги боис кўпчилик қатнаб ишлайди. Ана энди туманни қўйинг, шаҳарда жамоат транспорти хизматини яхши деб бўладими? Ўзимизнинг муаммомизга жавоб излаб, бир маълумотни ўқиб қолдик.

Самарқанд вилоят транспорт бошқармаси мутасаддилари келтирган маълумотга кўра, Самарқанд шаҳри ва шаҳар атрофи йўналишларини замонавий, барча қулайликларга эга бўлган транспорт воситалари билан таъминлаш учун 2019 йилнинг охирларида Хитой давлатидаги “Foton”, “Yutong”, “Asiastar”, “Zhontongbus” каби автомобил заводлари фаолиятини ўрганиб, улар билан музокаралар ўтказилган экан.

Унга кўра, 2020 йилда Самарқанд шаҳрига 100 та катта ҳажм (9,5 метр) ли замонавий автобуслар олиб келиш ҳамда шаҳарнинг аэропорт, темирйўл вокзали ва марказий кўчалари орқали ҳаракатланадиган йўналишларга жойлаштириш режалаштирилган. Қани ўша автобуслар? Ахир, бу "ваъда"га икки йил бўляпти-ку... Бу масалада мутасаддилар нима деркин?".

Дарҳақиқат, нафақат Оқдарё тумани ёки Самарқанд шаҳри, балки вилоятимизнинг барча ҳудудларида жамоат транспорти ва йўловчиларга хизмат кўрсатишда муаммолар талай. Қолаверса, аксарият туман марказларида автобошбекат йўқ. Ҳайдовчилар, йўловчилар учун етарли шароитлар яратилмаган. Жумладан, яқинда ҳайдовчилар Пайариқда автостанция йўқлигидан нолиган, муаммони очиқ-ойдин баён этган эди. Бундай муаммолар ҳар бир туманда бор.

Ўйлаймизки, мутасаддилар бу борада амалий ишга ўтадилар.