Ахборот хавфсизлигини таъминлашда нималарга эътибор қаратиш лозим?
Бугунги кунда ҳеч бир соҳа йўқки, у ахборот коммуникация технологиялари, айниқса, интернет тармоғидан фойдаланмаган ҳолда фаолият кўрсатаётган бўлса. Бундай замонавий, тезкор, қулай имкониятнинг яхши жиҳати билан бирга, унинг хавфсизликдан холи эмаслиги билан боғлиқ иккинчи томони ҳам борки, бу ўзига хос чораларни кўришни талаб қилади.
Хўш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш нима дегани?
Ахборот хавфсизлигини таъминлаш – бу фойдаланувчининг ахборотларни ҳимоялашга қўйилган меъёр ва талабларни бажаришидир. Ахборот хавфсизлиги эса ахборот фойдаланувчиларига ва кўплаб ахборот тизимларига зарар келтирувчи табиий ёки сунъий характерга эга тасодифий ва уюштирилган таъсирлардан ахборотларни ва ахборот коммуникация тизим объектларининг ҳимояланганлигидир.
Ахборот-коммуникация тизимининг ихтиёрий таркибий қисмларидан бири бўлган ҳамда ахборот тизими тақдим этадиган имконият мавжуд бўлган ресурслардан белгиланган қоидаларга мувофиқ бўлмаган ҳолда, чеклаш қоидаларига риоя қилмасдан фойдаланиш – бу ресурслардан рухсатсиз фойдаланиш тоифасига киради. Бундай фойдаланиш натижасида қуйидаги оқибатлар юзага келиши мумкин:
- ахборотнинг ўғирланиши;
- ахборотни ўзгартириш;
- ахборотнинг йўқотилиши;
- ёлғон ахборотни киритиш;
- ахборотни қалбакилаштириш ва ҳоказо.
Ахборотни ҳимоялаш йўналишлари нималардан иборат?
Ҳуқуқий ҳимоя – ҳуқуқий асосда ахборотни ҳимоялашни таъминловчи махсус қонунлар, бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, қоидалар, жараёнлар ва тадбирлар;
Ташкилий ҳимоя – ижрочиларга қандайдир зарар етказишни камайтирадиган ёки олдини оладиган меъёрий-ҳуқуқий асосдаги ижрочиларнинг ҳамкорлиги ва ишлаб чиқариш фаолиятини регламентлаштириш;
Муҳандислик-техник ҳимоя – тижорат фаолиятига зарар етказилишига тўсқинлик қилувчи турли техник воситалардан фойдаланиш.
Файлларни ҳимоялаш. Бунда махсус паролдан фойдаланиш керак. Парол кенг тарқалган сўзлар, номлардан иборат бўлмаслиги лозим. Масалан, 123456, password, 123456789, 007, 0000, 11111,951753, qwerty каби. Аксинча, парол мураккаб бўлиши, шунингдек, турли хил символларнинг тасодифий комбинациясидан иборат бўлса мақсадга мувофиқ: R4e1t1t9i8w6t, фДлвазўшоцу, 2038fhosdf#$%, !Q@W#E$R%T$, Z4dS74eee33, **4FGWe23№.
Воҳид ЖУМАНОВ,
Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси ходими.