"Аё София" - тарих зарбаларига дош берган масжид

Истамбулга борган киши "Аё София"ни кўрмасдан кетмайди. София ким, Аё София нима? Келинг, шулар ҳақида озгина суҳбатлашайлик.

1660 ёшли “кампир”

"Аё София" – ибодатхона. Византия императори Константин II томонидан 360 йилда бунёд этилган черков. "Аё София"нинг тўлиқ номи – "Авлиё София ибодатхонаси".

Бу ибодатхона аслида Византия императори Константин иккинчи тарафидан 360 йилда бунёд этилган. У ёғочдан қурилган бўлгани учун 404 йилга келиб ёниб кетган. Ўша йили ибодатхона биринчи бор таъмирланган. Ибодатхонанинг ҳозирги биноси эса Византия императори Юстинян биринчининг буйруғига кўра, 532-537 йилларда барпо этилган. Меъморлари траллик Анфимий ва милетлик Исидор. Уч гумбазли, ён қанотлари икки қатламли, гумбази ярим айланасимон. Ибодатхона узунлиги 77 метр, гумбаз диаметри 31,5 метр. Гумбази тўрт устунга ҳамда равоқларга таянган. Гумбаз асосига 40 та дераза ишланган. Рангли мармар ва кошинлар билан серҳашам безатилган. VI асрда вайрон бўлган гумбази 1374 йилда кичик ҳажмда қайта тикланган. Тўрт томонидаги найзасимон миноралар эса XVI-XVIII асрларда қурилган.

Ибодатхонанинг қурилиши 5 йилу 10 ой давом этган. Унда 10 мингдан ортиқ қурувчи меҳнат қилган. Ибодатхона тарихчилар томонидан ўша даврнинг энг катта биноси сифатида қайд этилган.

1204 йилгача у зилзилалар ва ёнғинлар туфайли таъмирланган. Ўша йили салибчиларнинг қўлига ўтган ибодатхона 1261 йилгача Рим католик черковига айлантирилди. 1261 йилда византияликлар Истанбулга эгаликни қайтариб олгач, "Аё София"дан яна православ черкови сифатида фойдаланилди. 

1453 йил 29 майда Усмонли империяси султони Фотиҳ Султон Меҳмет Истанбулни эгаллаб олганда "Аё София" яраланган Византия аскарлари, аёллар ва болалар учун бошпана бўлган.

1453 йил 1 июнда Истанбулда биринчи жума намозини ўқиган Фотиҳ Султон Меҳмет "Аё София" Усмонли ҳукмронлиги остида масжид бўлиб хизмат қилишини эълон қилди. Меҳроб ва минбар қурилди, қўнғироқ ва хоч олиб ташланди. Девордаги суратлар беркитилди.

1616 йилга келиб, "Аё София"нинг қаршисида Султон Аҳмад масжиди барпо этилгунга қадар ушбу масжид мамлакатдаги энг каттаси саналар эди.

1739 йилда "Аё София"га ёндош мадраса, кутубхона ва ошхона бинолари қурилди. 1847-1849 йиллардаги таъмирлаш ишлари сабаб ёпилган "Аё София" охирги бор масжид сифатида 1849 йилда очилди.

 Масжиднинг музейга айланиши

1923 йилда Туркия ўзини Республика деб эълон қилди. 1931 йилга келиб, "Аё София" ёпилди.

1931 йилда Америка Византия институти асосчиси, археолог Томас Уиттимор Туркиядан "Аё София"даги мозаика-суратларни тиклашни талаб қилади. Ўша вақтда Президент Мустафо Камол Отатурк мозаикаларни тиклашга оид рухсати билан бошланган ишлар 15 йил давом этди ва 1947 йилда якунланди.

Иш бошланганидан бироз вақт ўтгач, 1934 йил 2 ноябрь куни Вазирлар Кенгаши "Аё София"ни музей сифатида очишга қарор қилди. Шундай қилиб "Аё София" 1935 йил 1 февралдан эътиборан музей сифатида иш бошлади. 1996 йилда у дунё маданий мерослари рўйхатига киритилди.

1997 йилдан 2002 йилгача унинг гумбази ва минораларида таъмирлаш ишлари олиб борилган. Бинонинг турли қисмларида ҳамон таъмирлаш ва тиклаш ишлари давом этмоқда.

"Аё София" Туркиянинг энг кўп одам ташриф буюрувчи зиёратгоҳларидан бири саналади. Уни йилига бир неча миллион киши зиёрат қилади.

  Иш бошида - Президент

Аслида, "Аё София"ни масжид ўлароқ, фойдаланилиши устидан баҳс-мунозаралар доимий равишда бўлиб келган. Бироқ мунозара 2019 йилда Президент Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Туркия марказий телеканалига берган интервьюсидан кейин янада жонланди. Ўшанда Эрдўғанга “Ушбу музейга киришни Туркия фуқаролари учун бепул қилиш мумкинми?” деган савол билан мурожаат қилинган.

 – Албатта, нега мумкин бўлмасин? Энди уни музей сифатида эмас, балки "Аё София" масжиди ўлароқ очиш ниятимиз бор. Бутун дунёдан келган туристлар Султон Аҳмад масжидини қандай зиёрат қилаётган бўлса, "Аё София"ни ҳам шундай зиёрат қилишлари мумкин, намоз ўқишлари учун ҳам шароит яратамиз, – деган эди Эрдўған. Туркия Республикаси Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғлу эса масалага ўта жиддий ва қатъий муносабат билдирди:

– Туркия Республикасида азон ёки Қуръони Карим оятларининг қаерда ўқилишини бошқалардан сўраши керакми? "Аё София" Туркия Республикасининг мулки ва у фатҳ этилган!

Хуллас, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған "Аё София"да диний маросимлар ўтказиш бошланишига рухсат берувчи қарорни имзолади ва масжидга айлантирилган музей-ибодатхонада 2020 йил 24 июлдан бошлаб намоз ўқиш бошланди. Туркия президенти бошқа тарихий масжидлар қаторида "Аё София" сайёҳлар учун ҳам очиқ бўлишини маълум қилди.

Бизга ҳам мана шу сафаримиз чоғида "Аё София" масжидида намоз ўқиш насиб бўлди.

Истамбулга борсангиз, албатта, "Аё София"га киринг! Икки ракаат намоз ўқинг! Руҳингиз енгил бўлади. Аллоҳнинг қудрати буюклини бу ерда яхшироқ ҳис қиласиз.

Каримберди Тўрамурод,

Истамбул шаҳридан Zarnews.uz учун махсус.