АЁҚШларда бензин учун узун навбатлар юзага келмоқда, ҳолат қачонгача давом этиши аниқ эмас

Хабарингиз бор, сўнгги ҳафтада яқин йилларда кузатилмаган бензин тақчиллигига гувоҳ бўлмоқдамиз. Аниқроғи, автомобилларга метан гази бериш тўхтатилгач, кун сайин бензин учун навбатлар узая бошлади. Кейинги кунлардаги АИ-80 маркали бензин камёблиги навбат узунлигига асосий сабаб бўлиб қўшилди.

Мухбиримиз бугун, Самарқанд шаҳридаги бир неча АЁҚШдаги ҳолатни кўздан кечирди. Жумладан, АИ-80 маркали бензин сотилаётган Навоий шоҳ кўчасидаги АЁҚШда навбат ярим километрдан ошган. Рудакий кўчасидаги “Самарқанд техно газ ойл” шохобчасида ҳам навбат турнақатор, бир километргача, худди шундай Рудакий кўчасининг халқ тилида “Макаронка” ҳудудига туташ қисмидаги АЁҚШда ҳам узундан-узун навбат.

Айнан шу АЁҚШларда айни вақтда АИ-80 маркали бензин берилаётгани учун узун навбатлар бўлаётгани айтилди. Ҳайдовчиларга кўра, ҳар куни фақат саноқли шохобчаларда АИ-80 маркали бензин бўлади ва кўпчилик узоқ кутиб бўлса ҳам шу бензиндан олишга ҳаракат қилади.

Биз бўлган ҳар учала АЁҚШда ҳам бензин нархи бир хил: 5700 сўм. АИ-91, АИ-95 каби маркали бензин нархлари эса 9500-9700 сўм атрофида. Гувоҳ бўлдикки, айрим АЁҚШлар фаолиятини тўхтатган. Кўпчилигида эса фақат АИ-91, АИ-95 маркали бензин бор. Сўнгги кунларда бундай маркали бензин учун ҳам навбат шаклланмоқда, аммо у қадар узун эмас.

Расмий ташкилотлар бензин тақчиллиги қачонгача давом этиши ҳақида ҳозирча аниқ маълумот берган эмас.