10 август - Қурувчилар куни: Меҳнати машаққатли, савоби улуғ

Вилоятимизда кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминланган янги аҳоли яшаш манзиллари, дам олиш масканлари, сайёҳлик объектлари, таълим ва тиббиёт муассасалари барпо этилмоқда. 

Жумладан, Самарқанд шаҳри, Тойлоқ, Ургут ва Булунғур туманларида “Янги Ўзбекистон” массивлари бунёд этилди ва бу тадбирларнинг кўлами йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган оилаларни давлат томонидан манзилли қўллаб-қувватлаш мақсадидаги давлат дастурлари доирасида 2024 йил вилоятимизда 11541 хонадонли 153 та кўп қаватли уй қуриб, фойдаланишга топширилди. 

Президентимизнинг 2025 йил 21 февралдаги “Уй-жой ва ипотека бозорини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан жорий йилда ҳудудларда 12500 хонадонли 179 та уй-жой қуриш режалаштирилган. Биргина “Янги Ўзбекистон” массивларида 4781 та хонадондан иборат 65 та уйни қуриб фойдаланишга топшириш белгиланган. 

Бугунги кунда 179 та уй қурилиш соҳасида назорат инспекцияси рўйхатидан ўтган объектларда қурилиш ишлари давом этмоқда. Шу пайтгача 1862 хонадондан иборат 34 та уй фойдаланишга топширилди. 

2025 йил Инвестиция дастурига асосан вилоятимизда 76 та умумтаълим мактаби (74 та реконструкция, 1 та янги, 1 та мукаммал таъмирлаш) ва 28 та мактабгача таълим  ташкилоти (22 та реконструкция, 5 та янги, 1 та мукаммал таъмирлаш) объектларида қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, “Абу-Даби тараққиёт фонди” кўмагида Самарқанд шаҳрида туннел қурилиши давом этмоқда, темирйўл орти ҳудудида Реновация дастури асосида замонавий кўп қаватли уйлар қурилиши бошланди. Самарқанд шаҳрининг Оқдарё ва Самарқанд туманлари билан туташ қисмида 600 гектардан ортиқ майдонда “Ширин” замонавий ишбилармонлик маркази ва тураржой мажмуалари қурилишига киришилди. Пайариқ туманидаги Имом Бухорий зиёратгоҳида улкан қурилиш ишлари якунига етказилмоқда.

Қурилишни коррупциядан холи соҳага айлантириш йўлида дастлабки босқичда “шаффоф қурилиш” тизими ишга туширилди ва фойдаланиб келинмоқда. Бу тизим соҳада ҳақиқий фидойиларни саралашда қўл келди. 

Уй-жой сотиб олувчиларнинг пулларини кафолатли ҳимоялаш мақсадида жорий йилнинг 27 январь куни Президентимизнинг “Уй-жой қурилиши соҳасини янада ривожлантириш, турар ва нотурар жой объектларини улуш киритиш асосида қуриш жараёнини тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Ушбу фармон турар ва нотурар жой объектларини улуш киритиш асосида қуриш жараёнини тартибга солишга қаратилган аниқ механизмларни белгилаб берди.

Бугун қурилиш жараёнлари ҳам замонга, одамлар талабига мослашиб, қулайлик, мукаммаллик, хавфсизлик асосий мезонга айланди. Ана шу мезонларни фаолиятининг асосига айлантириб, меҳнат қилаётган қурувчи-бунёдкорларимизни касб байрамлари билан табриклаймиз!

Баҳодир Негматов,

вилоят қурлиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бошлиғи.