Банкда айб йўқ, ҳамма гап HUMOда!

Кечаги постимда HUMO тўлов тизими ишида узилиш рўй берганини ва ушбу тизим карта эгалари учун бу ҳолат катта ноқулайликлар яратганини ёзган эдим. Картани ишлатмоқчи бўлганимда, коди нотўғри деган ёзув чиққанидан сўнг “Ипотека банк”нинг Самарқанд филиалига борганимни ва бу ерда карта эгаларига ёрдам кўрсата олмаганликларини баён қилгандим

Буни айримлар “Ипотека банк”  устидан шикоят деб тушунган. Йўқ, асло. Мен ҳаммаси бўлиб икки марта бу банкка борганман. Биринчи марта карта очганимда ва иккинчи марта кеча унинг кодини текширтириш учун. Банк ходимларининг биров билан қўпол муомаласини ёки сарсон қилиб, у ёқдан бу ёққа жўнатганини кўрганим йўқ. Икки сафар ҳам Феруза исмли ходимга мурожаат қилганимда, ишини чин дилдан бажаришига гувоҳ бўлганман.

Ўша куни ҳам ходимлар мижозлардан ноқулайлик учун узр сўраб, тизим ишламаётганлигини ва уларнинг қўлидан ҳеч нарса келмаслигини маълум қилишди. Афсуски, HUMO тўлов тизими ишида тез-тез узилишлар бўлиб туришини интернетда норозилик кайфиятида ёзилган фикрлар тасдиқлайди. Масалан, кечаги постимнинг остида Зулфия Рашидова исмли фойдаланувчи “Тошкентнинг ўзида ҳам HUMO жуда муаммоли ишлайди”, деб ёзган.

Бошқа бир фойдаланувчи Илҳом Исмаилов қуйидагича изоҳ қолдирган: “Ниҳоятда тўғри ёзилган, бизларни ҳам мажбурлаб, HUMOга ўтказишди, ишончсиз ишлайди, проблемаси кўп”.

Мен ҳам постимда шундай ёзган эдим: “Кейинги пайтда ҳаммани HUMOга мажбуран ўтказишмоқда. Масалан, маҳалла раислари, пенсионерлар шулар жумласидан. Нега рақобат бўлишига йўл қўйишмайди? HUMO тепасида турганлар шунчалик қудратлими?”.

Маълум бўлишича, тўлов тизими Марказий банкка тегишли экан. Марказий банк мажбур қилмаса, банклар мижозларни танлаш ҳуқуқидан маҳрум қилишмасди. Кўп йиллар давомида UzCard муаммосиз ишлаган эди. HUMO эса ундай эмас. Мана, бугун картамнинг кодини тиклаганимдан сўнг тўловни амалга оширмоқчи бўлганимда, икки уриниш натижа бермади ва фақат учинчи уринишда пул ўтди.

Қачонгача бу ҳолат давом этаверади? Одамлар нима қилишини билмасдан, ҳамма аламини, бор қаҳр-ғазабини банкка сочади. Натижада, мижозлар ҳам, банк раҳбарлари-ю ходимлари ҳам асабийлашади, ўзига касаллик сотиб олади. 

HUMO зўр бўлса, ўзини эркин рақобатда кўрсатсин! Ўзбекистон демократия сари одимлаб бормоқда, деймиз. Оддий халқ бунга ишониши учун шиорлар иш бермайди. Қонунлар амалда ишлаётганлигини кўрсатиш лозим. Ҳеч кимни ҳеч нарсага мажбурламаслик, рақобатни чеклашга йўл қўймаслик керак.

Тошпўлат Раҳматуллаев.