Барча самарқандликларни бебаҳо неъмат – сувни асраш, ундан тежаб-тергаб фойдаланишга чақирамиз

Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими вилоят аҳлига мурожаат йўллади.

Азиз самарқандликлар!

Табиат бойликлари орасида сув алоҳида ўрин тутади. Чунки барча тирик жонзотлар ҳаётининг асосий манбаи сувдир. Сувсиз ҳаёт бўлиши мумкин эмас.

Бугун дунё миқёсида сувдан нотўғри фойдаланиш, экологик жиҳатдан зарарли технологияларни қўллаш оқибатида сайёрамизда иқлим ўзгариб, биохилма-хиллик йўқолиб бормоқда.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатидаги 2 миллиарддан зиёд аҳоли сув танқислигини сезмоқда. БМТ маълумотларига кўра, қарийб 1,5 миллиард аҳоли тоза ичимлик сувидан фойдалана олмайди, 2,3 миллиард аҳоли эса санитар талабга жавоб бермайдиган сувни истеъмол қилишга мажбур бўлмоқда.

 Глобал иқлим ўзгаришлари туфайли юзага келаётган сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар Марказий Осиёни, хусусан, Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Шунинг учун сувдан тежамкорлик билан  фойдаланиш маданиятини, энг аввало, оилада, маҳаллаларда, таълим муассасаларида ёшлар орасида шакллантирмас эканмиз, бу муаммо чуқурлашиб бораверади. Бу борада биз, нуронийлар, Самарқанд вилояти фаоллари  барча самарқандликларни бебаҳо неъмат – сувни асраш, ундан тежаб-тергаб фойдаланишга чақирамиз.

 Муҳтарам нуронийлар!

Сизларнинг ҳаётий тажрибангиз, дуо ва тилакларингиз халқимиз учун ҳамиша катта таянч ва суянч бўлиб келмоқда. Айниқса, бугун сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш борасида тушунтириш, тарғибот ишлари орқали ҳар бир маҳалла, ҳар бир оилага кириб боришимиз талаб этилади.

Сув – инсон ҳаёти, саломатлиги билан узвий боғлиқ эканини, шунинг учун халқимиз сувни азал-азалдан муқаддас ҳисоблаб, сувни асраб-авайлашганини ўз ҳаётингиз мисолида ёшларга тушунтиришда Сиздан фаоллик ташаббусни кутиб қоламиз. Сизларнинг шахсий намунангиз, панду насиҳат, тавсия ва кўрсатмаларингиз барчамиз учун муҳим.

 Қадрли маҳалла фаоллари, кўчабошилар!

Дунёнинг жуда кўп мамлакатларида миллионлаб одамлар тоза ичимлик сувига ташна, бир челак оби ҳаёт учун жанжал-можаролар бўлаётган бир пайтда биз маҳалламизнинг қайси бир жойида тоза ичимлик сувини жўмраклардан оқизиб қўяяпмиз. Ёзнинг иссиқ кунларида ҳовлиларимиз ва кўчаларимизга сув сепяпмиз, тоза ичимлик суви билан экинларимизни суғоряпмиз, машинамизни ювяпмиз. Рўзғор ишларида кундалик эҳтиёжлар учун  ҳам одамлар қанчадан-қанча ортиқча сувларни исроф қилмоқда. Афсуски, сувни исроф қилаётган, бу бебаҳо неъматга бепарво муносабатда бўлаётган кишилар бор.

Ота-боболаримиз азалдан сувни муқаддас билиб, ундан оқилона фойдаланган, мудом “Сувга супурма, сувга тупурма” деб фарзандларига уқтириб келган. Миллий қадриятларимизга содиқ қолган ҳолда сиз ҳам бу анъанани фаол давом эттиринг. Фарзандларингиз, невараларингизга сувнинг қадри, унинг ҳар томчисини увол қилмаслик, ифлослантирмаслик учун ўз маслаҳатларингизни беринг. Сувдан тежаб фойдаланишлари учун ибрат бўлинг.

Ҳурматли деҳқон ва фермерлар, томорқа ер эгалари!

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан республикамиз сув хўжалиги соҳасини комплекс ривожлантириш, мавжуд сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, жумладан, рақамли ва сувни тежовчи суғориш технологияларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда,  бу борада муайян натижаларга эришилмоқда.

Кўриб турибмиз, сувга меҳр бериш, унинг ҳар бир томчисидан унумли фойдаланишда сизларнинг тажрибангиз катта. Бугун ана шу тажрибани ишга соладиган, уни бошқаларга ўргатадиган палла.

Сизлардан ушбу хайрли ишларни сифатли давом эттиришда, суғориладиган майдонларда оби ҳаётни тежашда, бунинг учун тежамкор технологияларни кенг қўллашда фаолликни кутиб қоламиз.

 Мўътабар онахонлар, азиз опа-сингиллар!

Хонадонимиз, маҳалламиз файзу таровати сиз билан гўзал!

Онани қандай эъзозласак, сувни ҳам шундай қадрлашни фарзандларимиз онгу шуурига чуқур сингдирайлик! Уларга сувни исроф қилмасликни ўргатайлик. Бир дона носоз жўмракдан томчилаётган ёки бепарво оқизиб қўйилган сув бир соатда қанча бўлишини тушунтириб берайлик!

Ортиқча исроф қилинган ҳар томчи сувнинг увол эканлигини оқила оналаримиз бизнинг онгимизга сингдириб яшашган. Сиз ҳам фарзандларимиз онгига бу тушунчаларни сингдириш, уларнинг оилада, мактабда ва ҳатто боғча ёшидан бошлаб сувдан тежамли фойдаланиш маданиятини ўрганишлари, шунга одатланишлари учун маслаҳатларингизни аяманг.

Токи, зурриётларимиз ота-боболаримиз сингари сувнинг ҳар заррасини қадрига етадиган, асрайдиган бўлсин! Шундагина табиатни асл ҳолидек сақлаб, уни келажак авлодга безавол етказишга эришамиз.

Азиз ёшлар!

Сизлар Янги Ўзбекистоннинг бунёдкор кучисиз! Халқимиз кўзлаётган юксак марраларга эришишда ақл-заковатингиз, ғайрат-шижоатингиз, она Ватанга бўлган садоқатингиз беқиёсдир.

Президентимиз шу йил 15 сентябрь куни Тожикистонда бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида сув ва бошқа табиий ресурслардан тежаб-тергаб фойдаланиш маданиятини шакллантириш бўйича махсус дастурни қабул қилиш, бу борада ёшлар ташаббуслари ва стартапларини қўллаб-қувватлашни минтақавий даражада ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш кераклигини илгари сурдилар. Буни ёдда тутинг ва Президентимиз ташаббусига лаббай дея жавоб бериб, сувни асрашга меҳр беринг! Бу борада тенгдошларингиз орасида турли фойдали тадбирлар ташкил этишда ташаббус кўрсатинг!

Азиз самарқандликлар!

Сувни асраш ва уни тоза сақлашни мажбурият эмас, қадрият сифатида қабул қилайлик!

Ҳар биримиз келажак авлод олдидаги бурчимизни чуқур ҳис қилган ҳолда сувга бўлган муносабатимизни тубдан ўзгартирайлик, уни ҳар томчисини қадрлайлик!

Халқимизда тома-тома кўл бўлур, деган пурҳикмат нақл бор. Ҳар биримиз бир томчими, 1 литр ёки 10 литр сувни тежар эканмиз, бу мамлакатимиз иқтисодига, халқимиз фаровонлиги, эл-юртимиз равнақига, фарзандларимизнинг келгуси бахтли-саодатли ҳаётига қўшаётган энг хайрли улушимиз бўлади.