Бахшитепада “Беҳбудий боғи” яратилди

Тойлоқ туманида атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог, жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндаларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.

Вилоят ва Тойлоқ тумани ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан ўтказилган тадбирлар Беҳбудий таваллуд топган ҳудуд — Бахшитепа маҳалласида барпо этилган “Беҳбудий боғи”нинг очилиш маросими билан бошланди. Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов, зиёлилар, кенг жамоатчилик вакиллари ва ёшлар иштирок этди.

Маросимда сўзга чиққан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, шоир ва ёзувчи, “Беҳбудий” драмаси муаллифи Фармон Тошев, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети профессори, жадидшунос олим Ҳалим Саидов, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг чевараси Шоҳруҳ Беҳбудий ҳамда бошқалар улуғ маърифатпарварнинг ҳаёти ва серқирра ижоди, миллий уйғониш йўлидаги фидокорона фаолияти, унинг бой илмий-адабий меросининг бугунги авлод тарбиясидаги аҳамияти ҳақида сўз юритдилар.

— Бугун Маҳмудхўжа Беҳбудий туғилган қишлоқда унинг хотирасига бағишлаб боғ яратилгани мени шу туман фарзанди сифатида, қолаверса жадидшунос олим сифатида жуда хурсанд қилди, — дейди Ҳалим Саидов. — Бу масканда, яъни боғ ҳудудида Беҳбудийнинг бюсти ўрнатилгани, кутубхона, маърифат маскани ва уй-музей ташкил этилгани ёшларимиз учун билим, маърифат ва ватанпарварлик руҳини шакллантиришда муҳим тарбиявий аҳамиятга эга.

Мазкур маскан шу маҳаллада яшовчи, Маҳмудхўжа Беҳбудий авлодидан бўлган маърифатпарвар тадбиркор Рауфхон Ходиев ҳомийлигида бунёд этилди. Айниқса, эътиборли жиҳати шундаки, у бир неча йиллардан бери маҳалла ҳудудида жойлашган 15-мактабда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳаёти ва бой ижодий меросига бағишланган маънавий-маърифий тадбирларни мунтазам равишда ташкил этиб келмоқда.

Шунингдек, Рауфхон Ходиев ташаббуси билан мактабда билим ва иқтидори билан ажралиб турган 15 нафар аълочи ўқувчи учун “Беҳбудий” номли махсус стипендия жорий этилган. Бу ташаббус эса ёшларни илм-фанга, маърифат ва юксак мақсадлар сари интилишга руҳлантирмоқда.

Шунингдек, туманнинг Шопўлат маҳалласидаги маданият марказида “Беҳбудий ҳаёт мактаби — ёшларга ибрат” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилди.

Анжуман аввалида туман ҳокими Бекзод Раҳматуллаев Беҳбудий ҳаёти ва у қолдирган бой маънавий меросининг аҳамияти хусусида сўз юритди. Конференцияда жадидшунос олим Ҳалим Саидов маъруза қилиб, маърифатпарвар боболаримиз қолдирган маънавий меросни чуқур ўрганиш ва уни ёшлар онгига сингдириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.

Тадбирлар доирасида ушбу маданият уйида вилоят мусиқали драма театрининг ижодий жамоаси томонидан “Беҳбудий” драмаси томошабинлар эътиборига ҳавола этилди. Асарда улуғ маърифатпарварнинг мураккаб тақдири, халқ тақдири учун кураши ва фидойилиги ёрқин бадиий образлар орқали ифодаланди.

Шунингдек, туман мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган болажонлар ва мактаб ўқувчиларидан ташкил топган “Турон” ҳаваскор ёшлар театри томонидан саҳналаштирилган томошалар ҳам иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллиги муносабати билан ўтказилган бу тадбирлар улуғ аждодларимиз хотирасини эъзозлаш, уларнинг маънавий меросини асраб-авайлаш ва ёш авлодни миллий ғоялар, маърифат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади. Бахшитепада яратилган “Беҳбудий боғи” эса келгусида ҳам илм-маърифат ва маънавият маскани сифатида халқимизга хизмат қилиши шубҳасиз.

Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (сурат).